«Ал Ҳилол» Диас учун «Бавария»га 132 миллион еврогача таклиф қилишга тайёр — Таволери
Саудия Арабистонининг «Ал Ҳилол» клуби «Бавария» ҳужумчиси Луис Диасни ўз сафига қўшиб олиш учун йирик трансферга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда журналист Саша Тавольери маълум қилди.
Клуб колумбиялик футболчи учун Мюнхен жамоасига 105 миллион евродан 132 миллион еврогача бўлган расмий таклиф билан чиқишга тайёр.
Манбаларга кўра, «Ал Ҳилол» аввал Диаснинг вакиллари билан шахсий шартлар бўйича келишувга эришишни мақсад қилган. Агар томонлар ўртасида келишув амалга ошса, шундан сўнг «Бавария»га расмий таклиф юборилади. Шунингдек, саудияликлар 29 ёшли вингерга йилига 25 миллион евро маош таклиф қилишга ҳам тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Луис Диас ўтган ёзда «Ливерпуль»дан «Бавария»га ўтган ва немис клуби билан 2029 йилгача амал қиладиган шартномага эга. У дебют мавсумида 51 та ўйинда 26 та гол ва 23 та голли узатма муаллифи бўлиб, жамоанинг етакчи футболчиларидан бирига айланган.