«Ал Аҳли» - «Пахтакор». Ўзаро ўйинларда ким устун?
14 сентябрь куни "Пахтакор" Элит Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 1-турида "Ал Аҳли" билан Жиддада тўқнаш келади.
Рақиб Элит лиганинг охирги икки мавсумида ғалаба қозонган ва амалдаги чемпион ҳисобланади.
Ушбу жамоага қарши 4 марта тўқнаш келганмиз. Ўша ўйинларда 2тадан ғалаба ва мағлубият қайд этилган. 2005 йил Тошкентда ўтган учрашувда Леонид Кошелев ва Анвар Солиевнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида "Шерлар" ғалаба қозонишган. 2019 йил эса "Пахтакор"да Марат Бикмаевнинг ягона голи жамоамизга ғалаба келтирган. Меҳмондаги баҳслар 3:0 ва 2:1 ҳисобларида мезбонлар фойдасига ҳал бўлган. Сафардаги ягона гол Игорь Сергеев ҳисобига ёзилган.
Жиддада ўтадиган беллашувни Сардор Собирхўжаев дисквалификация сабабли ўтказиб юборади.
"Ал Аҳли" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўйин 14 сентябрь, душанба куни Тошкент вақти билан 23:15да Жиддада жойлашган "Қирол Абдуллоҳ спортс сити" стадионида бошланади.