Акмал Ортиқов: «Қуруқ ўйинлар» бу дарвозабон ва ҳимоячиларимизнинг машғулотлардаги меҳнат самараси»
PFL телеграмдаги расмий саҳифаси орқали PRO-Лига дарвозабонлари статистикасини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, жамоа посбони Суҳроб Султонов “қуруқ ўйинлар” бўйича рўйхатда етакчилик қилмоқда.
Шу муносабат билан "Металлург" ПФК дарвозабонлар мураббийи Акмал Ортиқовдан қисқа интервью ташкиллаштирдик.
Ассалому алайкум, Акмал ака. Чемпионатнинг дастлабки 5 та тури ортида қолди. Қувонарли жиҳати шундаки, ҳозирга келиб айнан "Металлург" клуби кипери Суҳроб Султонов "қуруқ ўйинлар" бўйича лигада пешқадамлик қилмоқда. Буни кутганмидингиз?
Ва алайкум ассалом. Суҳроб Султонов тажрибали дарвозабон. Жамоага таклиф қилаётганда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратганмиз. Биз унга тўлиқ ишонамиз.
Бевосита "қуруқ ўйинларига" келсак, бу Суҳроб ва ҳимоя чизиғи вакилларининг меҳнати самараси деган бўлардим. Худо хоҳласа, мавсум давомида "қуруқ ўйинлар" ҳали кўп бўлади.
Чемпионат стартдаги ўйинларда жамоа ғалаба қозонган баҳсларда ҳам гол ўтказиб юборди. Бу нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
Мавсум старти доим қийин кечади. Бу исталган жамоа ва исталган футболчи учун шундай. Табиийки, дастлабки ўйинларда хатолар ҳам учраб туради. Муҳими уларни тўғрилаб, такрорламаслик. Ишончим комил, аста-секин Суҳроб ҳам, жамоа ҳам ўзининг ишончли ўйинини топиб боради.
Тажрибали Султоновдан ташқари клуб яна икки посбон — Моҳир Комилов ва Дилруҳ Алиевни лига рўйхатидан ўтказган. Ушбу дарвозабонлар ҳақида нима дейа оласиз, уларнинг имкониятларига қандай баҳо берасиз?
Дарҳақиқат, таркибимизда яна икки ёш, умидли дарвозабонлар бор. Уларнинг иккала ҳам ўз вақтини кутиб, машғулотларда астойдиил меҳнат қиляпти. Худо хоҳласа, Моҳирнинг ҳам, Дилруҳнинг ҳам имконияти, вақти келади.