Ҳаким Зиеш “Ботафого” билан келишувга эришди
Марокаш терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ҳаким Зиеш фаолиятини Бразилияда давом эттиришга яқин турибди. 33 ёшли футболчи “Ботафого” билан оғзаки келишувга эришган ва энди трансферни расмийлаштириш учун Бразилияга бориши кутилмоқда.
Келишув икки мавсумга мўлжалланган. Ҳозирда томонлар ўртасида асосий масалалар ҳал қилинган бўлиб, фақат тиббий кўрик, ҳужжатлар ва шартномани имзолаш жараёни қолган. Зиеш аввалроқ Бразилиядаги футбол майдонларининг сифати бўйича хавотир билдирган ва шу сабаб трансфер бир муддат чўзилган эди, бироқ кейинчалик томонлар келишувга қайтган.
Зиеш “Видад Касабланка”даги фаолиятини якунлаб, эркин агентга айланди. У аввал “Аякс”, “Челси” ва “Галатасарой” каби клубларда тўп сурган, шунингдек, Марокаш терма жамоасининг ЖЧ-2022даги тарихий юришида муҳим футболчилардан бири бўлган. “Ботафого” унинг трансферини ёзги ойнадаги асосий ҳаракатлардан бири сифатида кўрмоқда.