Ҳаким Фузайлов: Дарвозабон учун бир таймда учта тўп ўтказиб юбориш яхши эмас
“Андижон” - “Хоразм” (3:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Ҳаким Фузайлов қатнашди ва ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди.
- Учрашув натижасидан билиш мумкинки, қизиқарли ўйин бўлди. Чемпионатдаги 29-тур ўйини ўтказилди. Доимгидек, учрашувни яхши бошладик, яхши ҳаракат қилдик. Ўйин давомида тўпни яхши назорат қилдик. Афсуски, ўтказиб юборилган учта тўпни ўзимизга-ўзимиз олиб келдик. “Андижон” қарши ҳужумларда яхши ўйнаб, голлар уришга эришди. Ҳеч қандай имконият қолдирмасдан учта гол урди. Голлар ўтказганимиз нималар билан боғлиқ? Мавсум охири, жароҳат олганлар бор, шулар билан изоҳлайман. Таркибда ротация бўлди. Бундан ҳеч қандай фожиа ясаётганимиз йўқлигини кўрдик. Иккинчи таймда яна футболга қайтдик. Натижага эришиш мумкинлигини исботладик. Гол ура олишимизни, катта потенциал билан ўйнашимизни кўрсатдик. Афсуски, навбатдаги мағлубиятга учрадик. Шундай бўлса-да, раҳбариятга жамоани Суперлигада сақлаб қолишни ваъда берганмиз. Чемпионатдаги охирги ўйинга тайёргарлик кўрамиз ва яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз. Плей-офф ҳам бўлиши мумкин ва бундай жамоани сақлаб қолишимиз керак.
- Сардор Қобулжонов биринчи бўлимда учта гол ўтказиб юборди. Уни танаффусдан кейин алмаштириб юборганингиз айнан ўтказилган голлар билан боғлиқми?
- Гап бунда эмас. Футболчи анча муддат ўйнмаганди. Машғулотлардаги ҳаракатлари давомида у анча яхши формада эканлиги кўринганди. Мураббийлар штаби билан келишиб, уни майдонга туширишга қарор қилгандик. Вазият шундай бўлдики, 45 дақиқа ичида учта тўп ўтказиб юборганидан кейин биз Муҳаммажоновни майдонга туширишга қарор қилдик. Ўйлайманки, тўғри қилдик. Дарвозабон учун бир таймда учта тўп ўтказиб юбориш яхши эмас. Шу боис ўзгариш қилишга ҳаракат қилдик.
- Владимир Бубаня нега майдонга тушмади?
- Нафақат Бубаня, бундан ташқари ўтган сафар майдондан четлатилган Аббос Отахонов ҳам ўйинни ўтказиб юборди. Бубаня ҳақида тўхталадиган бўлсам, у ўзини ёмон ҳис қилди. Бир қанча эски жароҳатлар ўз таъсирини кўрсатди. Шу сабабли 100 фоизли ўйинни кўрсата олмасди. Ҳатто, ўйин қайдномасига киритилмаган ўйинчилар ҳам бор. Жамоамизни кейинги ўйинларга тайёрлаш асосий вазифамиз ҳисобланади. Айниқса, жамоани плей-оффга тайёрлаш асосий вазифамиз. Бошқаларга ҳам имконият беришимиз керак. Агар ўйинчи ўзини ёмон ҳис қилса, учрашув муҳим бўлса ҳам майдонга тушмайди. Мавсум тугаяпти, буни тушуниш лозим. Баъзида чарчоқ аломатлари ҳам бўлади. Бунинг натижасида ўйинчи жароҳат олиши мумкин.