Ҳакамлар техник қўмитаси Валвердега берилган қизил карточкани тўғри деб топди
Испания ҳакамлар техник қўмитаси (CTA) Ла Лиганинг 29-тури доирасидаги «Реал Мадрид» — «Атлетико» (3:2) учрашувида бош ҳакам Хосе Мунуэра Монтеро томонидан мадридликлар яримҳимоячиси Федерико Валвердега кўрсатилган қизил карточкани қўллаб-қувватлади.
Уругвайлик футболчи ўйиннинг 77-дақиқасида рақиб ҳужумчиси Алекс Баенанинг оёғига орқа томондан зарба бергани учун майдондан четлатилган эди.
«Ҳакам ушбу ҳаракатни тўп учун курашиш имконияти бўлмаган вазиятда рақибга ортиқча куч ишлатган ҳолда зарба бериш деб баҳолади ва футболчини тўғридан-тўғри қизил карточка билан жазолади.
VAR хонасидаги ҳакамлар вазиятни турли бурчаклардан ва турли тезликларда кўриб чиқиб, тўқнашув нуқтаси, ҳаракат характери ва зарба кучи қоидабузарликнинг жиддийлигига мос келишини тасдиқлашди.
Майдонда қабул қилинган қарорда яққол хато йўқлигини инобатга олиб, улар жараёнга аралашмасликка қарор қилишди. CTA нуқтаи назаридан, ҳам майдонда, ҳам VAR хонасида қабул қилинган қарорлар тўғри эди», — дейилади қўмитанинг Marca нашри томонидан келтирилган баёнотида.