locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Ҳакамлар марказига сўнгги мурожаат ёхуд «Динамо» ПФК ЎзПФЛ ва МТРКдан хизмат текшируви ўтказишни сўрайди

“Динамо” ПФКда саволлар ва турли шубҳалар пайдо бўлмоқда.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Ҳакамлар марказига сўнгги мурожаат ёхуд «Динамо» ПФК ЎзПФЛ ва МТРКдан хизмат текшируви ўтказишни сўрайди
Фото: Динамо ПФК

«Динамо» иштирокидаги ўйинларда ҳакамлик бўйича ҳали аввалги баҳсли вазиятларга жавоб топилмай, ҳаттоки ФИФА ҳакамлари футболчиларимизга нисбатан яққол қўполликни кўра туриб, кўрмасликка олишмоқда.

Сиз кўраётган бу қўполлик куни кеча ўтган “Навбаҳор” – “Динамо” (3:2) ўйинида рўй берди ва бу вазият такрори негадир трансляцияда батафсил эфирга узатилмади. Намангандаги ўйинни бошқарган ҳакам Достон Раҳмонов кўз ўнгидаги яққол қўполликни кўрмади ёки кўришни истамади. ВАР ҳаками сифатида ишлаган, мундиалда иштирок этиб қайтган Илгиз Танташев ҳам ўйин қоидаси яққол бузилган вазиятни кўра туриб, кўрмасликка олди. Акс ҳолда у бош ҳакамни монитор қаршисига чақириб, “Навбаҳор” ўйинчиси майдондан четлатиларди.

“Навбаҳор” – “Динамо” учрашувининг 30-дақиқасида, Самарқанд жамоаси 2:1 ҳисобида олдинда бораётганда ҳакамлар футбол ва унинг қоидаларига яна хиёнат қилишди.

Наманганликлар легионери Бенжамин Тейди дастлаб Азизбек Амоновни қўполлик билан йиқитди, бош ҳакам индамагач эса, очиқчасига ҳужумчимиз оёғининг ҳимояланмаган қисмини босди. Замонавий футболда ВАРда вазиятни такрор кўриб, четлатиш муқаррар бўлганда африкалик футболчи нега бу жирканч ҳаракатни амалга оширди?

Айтайлик, “Динамо”нинг “Сурхон”га қарши ўйинида оддий вазиятдаги эҳтиётсизлик учун жамоамиз аъзоси Амаду Думбуя майдондан четлатилиб, 3 ўйинга дисквалификация ва 10 млн сўм жаримага тортилди. Тейдининг атайлаб қилган зўравонлиги эса ҳаттоки сариқ карточкага ҳам лойиқ кўрилмади. Ўзбек футболидаги бу икки юзламачиликка қачон барҳам берилади?

Ўтган мавсум айнан Танташев жаноблари Жиззахда 90+12-дақиқада “Динамо” дарвозасига пеналти ўйлаб топган ва “Сўғдиёна” билан баҳсда ғалаба қўлдан чиқарилганди. Жамоамиз шикоятидан кейин Илгиз Танташевнинг қўпол хатоси тан олинган ва узр сўралган бўлса-да, якунда ўша қимматли 2 очко “Динамо”ни ОЧЛ йўлланмасидан маҳрум қилди. Орадан бир йил ўтиб – 25 август куни Самарқандда “Динамо” – “Пахтакор” баҳсини бошқарган Танташев бу сафар Фирдавс Абдураҳмоновнинг голини инобатга олмади. Машҳур ҳакамимизнинг “Динамо”га нисбатан қандай адовати борки, ҳар ўйинда бу ноҳақлик давом этаверса?

Узоққа бормаймиз, икки тур аввал Қўқондаги шудгор майдонда ўтган баҳсда ВАР ҳаками Жасур Мухторов яққол пеналти бериладиган вазиятда бош ҳакамни монитор қаршисига чақирмади. “Динамо”нинг ҳар қанча видеофактларига қарамай, Маъмур Саидқосимов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Ҳакамлар маркази лоақал муносабат билдиришни ҳам ўзига эп кўрмади. Ўзини ҳурмат қилган ташкилот ўз шаънига нисбатан танқидларни шунчаки осон ҳазм қилолмасди. Бу ташкилот қачонгача адолатсизликни кўра туриб жим турмоқчи?

“Динамо” футбол клуби навбатдаги ва эҳтимол, сўнгги марта Ўзбекистон Ҳакамлар марказига юзланиб, “Навбаҳор” билан ўйиндаги яққол қўполлик бўйича эксперт ҳакамларнинг расмий хулосасини сўрайди. Ҳакамлар Достон Раҳмонов ва Илгиз Танташевни Наманганда Тейдига қизил карточка кўрсатишга нима ёки ким тўсқинлик қилди? Очиқ жавоб бериш вақти келмадими, жаноблар?

Афсуски, ҳакамлар “ичкарида” вазиятни хаспўшлашга уринаётган бир пайтда, ушбу эпизоднинг ТВ-трансляция пайтида нега оммага батафсил, такроран кўрсатилмагани ҳам “Динамо” ПФКда саволлар ва турли шубҳаларни пайдо қилмоқда.

“Динамо” ПФК ўйинларни очиқ, вазиятларни шаффоф ёритишга масъул бўлган ЎзПФЛ ва МТРКдан бу борада хизмат текшируви ўтказишни сўрайди. Ҳар ҳолда ПФЛ томонидан водийдаги ўйинлар учун сотиб олинган кўчма телевизион станция водий клублари манфаатига хизмат қилиши эмас, айнан мана шундай вазиятларни холис баҳолаб, адолатли қарор чиқариш учун хизмат қилмоғи керак.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг