Ҳакамлар академиясининг навбатдаги модули якунланди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфидаги Ҳакамлар академияси талабалари учун навбатдаги модул машғулотлари муваффақиятли якунланди. Ушбу босқич Наманган шаҳрида ўтказилиб, ёш ҳакамлар нафақат назарий билимларни мустаҳкамлади, балки амалий тажрибани ҳам бойитди.
Модул доирасида академия тарбияланувчилари футбол мактаблари ўртасидаги Ўзбекистон U-17 чемпионати учрашувларида ҳакамлик қилди ва ўз тажрибасини оширди. Ўйинлар давомида ҳакамлик фаолияти Маъмур Саидкасимов ва Александр Попов каби тажрибали мутахассислар томонидан кузатиб борилди.
Ҳар кунги баҳслардан сўнг инструкторлар ва тажрибали ҳакамлар иштирокида ўйинларга бағишланган ҳакамлик таҳлили бўйича муҳокама ташкил қилинди. Унда Маъмур Саидкасимов, Александр Попов, Ғайрат Жўраев ҳамда Иброҳим Исмоилов ўз таклиф ва тавсияларини билдириб, ёш ҳакамларнинг келгуси фаолияти учун фойдали тушунчалар берди.
ЎФА ва Ҳакамлар маркази томонидан академия тингловчилари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, улар меҳмонхона ва сифатли озиқ-овқат билан тўлиқ таъминланди.
Мазкур модул Ҳакамлар академияси дастурининг муҳим босқичларидан бири бўлиб, ёш ҳакамларнинг халқаро стандартларга мос, етук мутахассис сифатида шаклланишида катта ўрин тутади.