Айти-Нагоя-2026: Ўзбекистон аёллар жамоаси чорак финалда юришини тўхтатди
Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Айти-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларининг чорак финалида Корея Республикасига қарши майдонга тушиб, 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа Котрина Кулбите бошчилигидаги жамоамизнинг турнирдаги иштироки чорак финалда якунланди.
Голларга бой кечган учрашувда Ўзбекистон сафида Диёра Ҳабибуллаева 11-дақиқада, Нилуфар Қудратова эса 66-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Жамоамизнинг яна бир голи 64-дақиқада кореялик Жанг Сел Гининг автоголи эвазига қайд этилди. Корея сафида Чхве Ю-Ри дубль, Су Жон Юн хет-трик муаллифига айланган бўлса, яна бир голни Ким Мин Жи киритди.
Ўзбекистон биринчи бўлимни 1:4 ҳисобида ортда якунлаганига қарамай, танаффусдан кейин баҳсга қайтишга муваффақ бўлди. 66-дақиқага келиб вакилларимиз ҳисобдаги фарқни бир голгача қисқартирди — 4:3. Бироқ учрашувнинг сўнгги қисмида кореялик футболчилар яна икки бор гол уриб, 6:3 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштирди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Маълумот учун, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичида Филиппин ва Хитой билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, Гонконгни 2:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Жамоамиз 5 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, чорак финал йўлланмасига эга чиққанди.