Aichi–Nagoya 2026 ёзги Осиё ўйинлари ва Dakar 2026 ёшлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
Aichi–Nagoya 2026 ёзги Осиё ўйинлари ва Dakar 2026 ёшлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Бугун Спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Aichi–Nagoya 2026 ёзги Осиё ўйинлари ва Dakar 2026 ёшлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон бокс федерациясига ташриф буюрди.
Учрашувда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабойев ҳам иштирок этди.
Ташриф давомида миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли комплекс мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари батафсил кўриб чиқилди. Жумладан, спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати, ўқув-машғулот йиғинларининг бориши, тайёргарлик режалари, халқаро мусобақалар тақвими ҳамда истиқболли боксчилар билан олиб борилаётган селекция ва тайёрлов ишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, спортчиларнинг мусобақаларга юқори савияда тайёргарлик кўриши учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда тайёргарлик жараёнининг самарадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида Aichi–Nagoya 2026 ёзги Осиё ўйинлари ва Dakar 2026 ёшлар Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш, юқори натижаларга эришиш мақсадида тайёргарлик ишларини белгиланган режа асосида изчил давом эттириш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.