Агар «Вест Ҳэм» Чемпионшипга тушиб кетса, футболчиларини оммавий равишда сотувга қўяди
Лондонинг «Вест Ҳэм» клуби агар жамоа 2025/2026 йилги мавсум якунларига кўра Англия Премьер-лигаcидаги ўрнини сақлаб қола олмаса, футболчиларини оммавий равишда сотиб юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, клуб молиявий барқарорликни таъминлаш ва молиявий фейр-плей (FFP) қоидаларига риоя қилиш учун камида 100 миллион фунт стерлинг (€115 млн) атрофида футболчиларни сотишига тўғри келади.
Айни дамда «Вест Ҳэм» АПЛ турнир жадвалида 36 очко билан 18-ўринни эгаллаб турибди ва 17-поғонадаги «Тоттенхем»дан икки очкога ортда қолмоқда. «Болғачилар»нинг мавсумда фақатгина битта ўйини қолган, «шпорлар»да эса — иккита. Агар бугун, 19 май сешанба куни «Тоттенхем» «Челси»ни мағлуб этса, «Вест Ҳэм» муддатидан олдин Чемпионшипга равона бўлиши мумкин.