Агар Мареска бош мураббий этиб тайинланса, «Челси» «Ман Сити» устидан шикоят қилади — манба
«Челси» клуби агар «Манчестер Сити» Энсо Марескани бош мураббий этиб тайинласа, «шаҳарликлар»дан катта миқдорда товон пули талаб қилиш ниятида. Агар компенсация тўланмаса, Лондон клуби суриштирув ишлари олиб борилиши учун Англия Премьер-лигасига расман мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, «Челси» раҳбарияти италиялик мутахассиснинг ҳали «кўклар»ни бошқариб турган кезларда «Манчестер Сити» билан яширинча музокаралар олиб борганидан ғазабда. Эндиликда Мареска «шаҳарликлар» бошқарувига келишга жуда яқин тургани сабабли, «Челси» қатъий чоралар кўришни бошламоқчи.
Агар клублар бу масалада ўзаро тинч йўл билан келиша олишмаса, «Челси» Премьер-лигага шикоят киритади. Бунда лондонликлар «Манчестер Сити» раҳбарияти Мареска ҳали «Стэмфорд Бридж»да фаолият юритаётган пайтда қоидаларни бузган ҳолда у билан алоқага чиққани асосий далил сифатида кўрсатишни режалаштирмоқда.