Агар «Челси» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмаса Розенёр истеъфога чиқарилиши мумкин — манба
Агар Лондоннинг «Челси» клуби жорий мавсум якунига кўра Чемпионлар Лигаси ҳудудидан (кучли тўрталик) жой ололмаса, жамоа бош мураббийи Лиам Розенёрнинг келажаги «ноаниқ» бўлиб қолади. Бу ҳақда The Touchline нашри хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, «кўклар» раҳбарияти жамоа таркиби ва имкониятларидан келиб чиқиб, Англия Премьер-лигасини кучли тўрталикда якунлаш мажбурий вазифа деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, 27 та турдан сўнг Розенёр шогирдлари 45 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалининг 4-поғонасини банд этиб туришибди.
Эслатиб ўтамиз, 41 ёшли мутахассис жорий йилнинг 8 январь куни «Челси» бош мураббийи этиб тайинланган эди. Унинг қўл остида лондонликлар барча мусобақаларда 12 та ўйин ўтказиб, 8 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият қайд этди. Розенёрнинг клуб билан амалдаги шартномаси 2032 йилгача имзоланган.