Агар «Барселона» Алваресни қўлга кирита олмаса, Ла Лиганинг иккинчи энг яхши тўпурари номзодини кўриб чиқади — манба
«Барселона» клуби агар Мадриднинг «Атлетико» ҳужумчиси Хулиан Алваресни қўлга кирита олмаса, ҳужум чизиғи учун муқобил вариантларни кўриб чиқмоқда. Айни пайтда Испания чемпионати тўпурарлари пойгасида иккинчи ўринда бораётган «Мальорка» ҳужумчиси Ведат Мурики асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Косоволик 31 ёшли форварднинг шартномасида 40 миллион евро миқдорида товон пули кўрсатилган. Шунга қарамай, футболчининг трансфери анча арзонроққа тушиши ҳам мумкин.
Жорий мавсумда Мурики Ла Лигада 30 та ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол уришга муваффақ бўлди. Фақатгина Мадриднинг «Реал» клуби аъзоси Килиан Мбаппе (23 та гол) ундан кўпроқ тўп киритган.
Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, «Мальорка» ўйинчисининг бозор қиймати 4,5 миллион еврони ташкил қилади.