“AFC–UEFA Women’s Football Program” дастури доирасида ташкил этилган уч кунлик семинар якунланди
“AFC–UEFA Women’s Football Program” дастури доирасида ташкил этилган уч кунлик семинар якунланди. Ушбу тадбир аёллар футболини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланди.
Уч кун давомида иштирокчилар 2025 йил учун аёллар футболини ривожлантириш стратегияси ижроси бўйича якунларни сарҳисоб қилдилар, эришилган натижаларни таҳлил этдилар ҳамда келгусидаги ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Айниқса, аёллар клуб футбол тизимини мустаҳкамлаш, футболчиларнинг тайёргарлик даражасини ошириш ва аёллар жамоалари ривожи учун барқарор инфратузилма яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар доирасида аёллар клублари директорлари ва мураббийлари билан мазмунли муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, мавжуд муаммолар ҳамда аёллар клуб футболини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг асосий мавзуларидан бири 5 ёшдан 8 ёшгача бўлган қизлар учун мўлжалланган янги — “Play&Shine” дастурининг яқин кунларда йўлга қўйилиши бўлди. Ушбу лойиҳа болалар орасида футболни оммалаштириш, қизларнинг спортга илк қадам қўйиши учун имконият яратиш ҳамда уларда ёшлигидан футболга қизиқиш уйғотишга қаратилган.
Мазкур семинар аёллар футболини янада ривожлантириш, футбол экотизимидаги барча иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли ташаббусларни амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлди.