Абу-Дабига йўл оламиз: ўзбекистонлик мухлислар БААга қарши ўйин учун билет сотиб олишлари мумкин
Ўзбекистон терма жамоаси мухлислари БААга қарши жаҳон чемпионати саралаш учрашувига бориш имкониятига эга бўлишди. Кеча, 25 май куни БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйин учун расман билетлар сотувга чиқди.
Футбол бўйича мутахассис Алишер Никимбаевнинг маълум қилишича, билетлар Ticketmaster.ae сайти орқали сотилади. Билет харид қилиш учун сайтда рўйхатдан ўтиш талаб этилади.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқиш учун олиб борилаётган саралаш баҳсларида ўз гуруҳида 17 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. БАА эса 13 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринни эгаллаб турибди. Саралашнинг охирги икки тури олдидан бу рақобат жуда муҳим аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, ўйин 5 июн куни Абу-Дабида Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади. Ўзбекистон термаси учун бу ўйинда мағлубиятдан ташқари ҳар қандай натижа қониқарли бўлади.