Абрахам Европанинг нуфузли 3 та турнирида ғалаба қозонди
У куни кеча "Астон Вилла" билан Европа лигасида ғолиб чиқди.
ФОТО: Getty images
“Астон Вилла” ҳужумчиси Тэмми Абрахам Европа Лигаси финалида “Фрайбург” устидан 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг ноёб натижага эришди.
Маълум қилинишича, у Европанинг учта асосий клуб мусобақасида ғолиб чиққан иккинчи футболчига айланди.
Бундан аввал у 2020/2021 йилги мавсумда “Челси” билан Чемпионлар лигасини, 2022 йилда эса “Рома” билан Конференциялар лигасини қўлга киритган эди.
Бу каби ютуққа илк бўлиб Абрахамнинг собиқ жамоадоши Эмерсон Палмери эришган. У ҳозирда “Марсель” сафида тўп сурмоқда.
Қайд этилишича, Абрахам қишки трансфер ойнасида “Бешиктош”дан «Астон Вилла»га ўтган. У янги жамоаси сафида 16 та ўйинда иштирок этиб, 3 та гол урган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист