Абдуқодир Ҳусанов Португалияга қарши ўйиндан сўнг йиғлаб юборди
ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи 2-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалияга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Баҳс АҚШнинг Ҳюстон шаҳридаги NRG Stadium аренасида бўлиб ўтди.
Учрашув якунлангач, терма жамоамиз ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов мағлубиятдан қаттиқ таʼсирланиб, кўз ёшларини тия олмади. Футболчига Португалия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бернарду Силва тасалли берди.
Эътиборли жиҳати, Бернарду Силва ва Абдуқодир Ҳусанов аввал “Манчестер Сити” сафида бирга тўп тепган. Шу боис ўйиндан кейинги ушбу ҳолат футбол жамоатчилиги эътиборини тортди.
Португалия мазкур ғалабадан сўнг К гуруҳида 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон эса ҳозирча очко жамғара олмаган ва гуруҳда 4-ўринда бормоқда.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси учун барча эътибор сўнгги турга қаратилади. Вакилларимиз 3-турда ДР Конго терма жамоасига қарши майдонга тушади.