А Серия телеҳуқуқлари бўйича 3,2 миллиард евролик келишув муҳокама қилинмоқда
Италия А Серияси халқаро трансляция ҳуқуқларини бошқариш тизимига йирик инвесторни жалб қилиш арафасида турибди. АҚШнинг Avenue Capital инвестиция компанияси чемпионатнинг хориждаги медиаҳуқуқларига эгалик қилувчи янги компаниядан улуш сотиб олиш бўйича асосий даъвогарга айланди. Таклифга кўра, мазкур компаниянинг умумий қиймати 3,2 миллиард еврога баҳоланмоқда. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Манбага кўра, Avenue Capital янги ташкил этиладиган компаниянинг 10 фоиз улушини 320 миллион еврога сотиб олишни таклиф қилган. Мазкур тузилма А Сериянинг халқаро телетрансляция, ҳомийлик ва букмекерлик фаолиятига оид тижорий ҳуқуқларини бошқаради. 16 октябрь куни Италия чемпионати клублари инвесторлар томонидан тақдим этилган таклифларни дастлабки муҳокамадан ўтказган. Ҳозирча Avenue Capital таклифи энг мақбул вариант сифатида кўрилмоқда.
Шунингдек, Американинг Carlyle ва Италиянинг Nextalia компаниялари ҳамкорликда 17 фоиз улуш учун қарийб 650 миллион евро таклиф қилган. Уларнинг таклифида компаниянинг умумий қиймати 3,75 миллиард еврога баҳоланган. Бироқ Avenue Capital таклифи молиявий жиҳатдан содда тузилгани ва келажакдаги даромадлар бўйича қўшимча кафолатлар талаб қилинмагани сабаб устунликка эга бўлмоқда. А Серия клублари келгуси ҳафталарда барча таклифларни батафсил кўриб чиқади.
Маълумот учун, А Сериянинг халқаро медиаҳуқуқларидан олинадиган йиллик даромад қарийб 250 миллион евр они ташкил этади. Бу кўрсаткич Англия Премьер-лигаси ва Испания Ла Лигаси даромадларидан анча паст. Шу сабабли Италия чемпионати хорижий бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш ва тижорий даромадларини оширишни мақсад қилган. Келишув амалга ошиши учун А Сериянинг 20 та клубидан камида 14 таси уни маъқуллаши керак. Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.