А Серия. «Рома» 90+4 ва 90+11 дақиқаларда урилган голлар эвазига «Парма»дан устун келди
Италия А Сериясининг 36-тури доирасида «Парма» ва «Рома» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Муросасиз кечган ўйин Рим клубининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда ҳисобни Дониел Мален очди — римликлар ҳужумчиси биринчи бўлим ўрталарда, яъни 22-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Иккинчи бўлим бошида, 47-дақиқада мезбонлар ярим ҳимоячиси Габриэл Стрефезза мувозанатни тиклади. 87-дақиқада эса Мандела Кейта «Парма»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган тўртинчи дақиқада (90+4) ҳимоячи Девайн Ренш ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. 90+9-дақиқада мезбонлар аъзоси Саша Бричги қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Баҳснинг сўнгги сонияларида, 90+11-дақиқада Дониел Мален пенальтини аниқ амалга ошириб, дубл қайд этди ва «Рома»га қийин ғалабани тақдим этди.
Ушбу ўйиндан сўнг, «Парма» 36 та ўйинда 42 очко билан Италия чемпионати турнир жадвалида 13-ўринни эгаллаб турибди. «Рома» эса 67 очко жамғарган ҳолда 5-поғонадан жой олган.