А Серия. «Интер» ўз майдонида «Фиорентина» билан дуранг ўйнади
Италия Серия А лигасининг 30-тури доирасида «Фиорентина» ҳамда «Интер» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Флоренциядаги «Артемио Франки» стадионида кечган баҳсда жамоалар 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этди.
Учрашувдаги дастлабки гол ўйиннинг илк дақиқасидаёқ киритилди — «нерадзуррилар» ҳужумчиси Франческо Эспозито тезкор гол муаллифига айланди. Бироқ иккинчи бўлимнинг 77-дақиқасида мезбонлар яримҳимоячиси Шер Ндур мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди ва жамоасига муҳим очкони тақдим этди.
Қайд этиш жоизки, Кристиан Киву шогирдлари кетма-кет учинчи ўйинда очко йўқотишди. «Интер» бундан аввалги турларда «Милан»га имкониятни бой берган (0:1) ва «Аталанта» билан дуранг (1:1) ўйнаган эди.
Ушбу натижадан сўнг «Фиорентина» 29 очко билан турнир жадвалининг 16-поғонасидан жой олган. «Интер» эса 69 очко билан ҳамон Италия чемпионати пешқадами бўлиб турибди.