7SABER бренди Ўзбекистон футзал федерациясининг расмий ҳамкори
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон футзал федерацияси Бош котиби Инамжон Марупов ва 7SABER бренди вакили Отабек Ашуров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида, сўнгги йилларда мамлакатимизда футзал жадал суръатларда ривожланаётгани, профессионал жамоалар ўз таркибига ёш иқтидорларни жалб этаётгани ҳамда мазкур йўналиш ривожига хусусий сектор ва миллий брендларнинг қўшиб келаётган ҳиссаси тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу жумладан, 7SABER бренди вакили ҳам футзал ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш ниятини билдириб ўтди.
Мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида, Ўзбекистон футзал федерацияси ва 7SABER бренди ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Келишув доирасида 7SABER бренди футзал бўйича Ўзбекистон Олий лига мусобақаларини ташкил этишда расмий ҳомийлик қилиш, 2026 йил 27 январ – 7 февраль кунлари бўлиб ўтадиган футзал бўйича Осиё чемпионатидан бошлаб миллий ҳамда ўсмирлар футзал терма жамоаларини замонавий ва юқори сифатли спорт экипировкаси билан таъминлашни ўз зиммасига олди.