41 ёшли Хорхе Масвидал UFCга қайтиш бўйича музокаралар олиб бормоқда
UFCнинг собиқ жангчиси Хорхе Масвидал профессионал фаолиятини қайта тиклаб, октагонга қайтиши мумкин. 41 ёшли америкалик спортчи ташкилот раҳбарияти билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда Home of Fight хабар бермоқда.
Манбага кўра, Масвидал UFCга қайтиш бўйича музокаралар ижобий давом этаётганини таъкидлаган. “UFC билан музокаралар олиб бордим, ҳаммаси яхши кетмоқда. Янгиликларни кузатиб боринг, сиз кутганингиздан ҳам эртароқ нимадир эшитишингиз мумкин”, — деди жангчи.
Шунингдек, америкалик спортчи мунтазам машғулот олиб бораётганини ва ҳали ҳам юқори савияда жанг қилишга қодирлигини айтган. “Ҳозир ҳам машғулот ўтказяпман ва бу йигитлар билан рақобатлаша олишимни ҳис қиляпман. 50 ёшга кирганимда имкониятдан фойдаланмаганим учун афсусланишни истамайман. Чунки ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман”, — дея қўшимча қилди Масвидал.
Маълумот учун, Хорхе Масвидал 2013–2023-йиллар давомида UFCда иштирок этиб, 12 та ғалаба ва 10 та мағлубият қайд этган. У 2019-йилда Нейт Диасни мағлуб этиб, BMF камарини қўлга киритган. Жангчи 2023-йил апрель ойида Гилберт Бёрнсга ютқазганидан сўнг фаолиятини якунлаганини эълон қилганди.