2026-йилги “Олтин тўп” номинантлари қачон эълон қилиниши маълум бўлди
2026-йилги “Олтин тўп” совринига даъвогар футболчилар рўйхати 8-сентябрь куни эълон қилинади. Бу ҳақда мукофотнинг расмий манбалари маълум қилди. Номинантлар рўйхати тақдирлаш маросимидан қарийб бир ярим ой олдин оммага тақдим этилади.
Эркаклар ўртасидаги “Олтин тўп” учун 30 нафар футболчи, аёллар ўртасидаги соврин учун ҳам 30 нафар номзод танлаб олинади. Бундан ташқари, энг яхши ёш футболчи, йил дарвозабони, йил мураббийи, энг яхши ҳужумчи ҳамда йилнинг энг яхши клуби каби бошқа номинациялар бўйича ҳам даъвогарлар эълон қилинади.
2026-йилги “Олтин тўп” тақдирлаш маросими 26-октябрь куни Лондонда бўлиб ўтади. Бу мукофот тарихидаги 70-маросим бўлади. Ташкилотчилар юбилей муносабати билан тадбирни Париждан Лондонга кўчиришга қарор қилган. Бу танлов 1956-йилда илк “Олтин тўп”ни қўлга киритган англиялик Стэнли Мэтьюзга ҳурмат сифатида амалга оширилган.
Маълумот учун, “Олтин тўп”нинг амалдаги соҳиби — ПСЖ ҳужумчиси Усмон Дембеле. 2026-йилги соврин учун асосий даъвогарлар қаторида Ламин Ямал, Килиан Мбаппе, Лионель Месси, Харри Кейн, Родри ва Хвича Кварацхелия каби футболчилар тилга олинмоқда. Якуний 30 талик рўйхат эса 8-сентябрь куни расман маълум бўлади.