19 ёшли футболчи Асалхон Аминжонова фаолиятини Қозоғистоннинг \"Қизилжар\" клубида давом эттиради.
Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси аъзоси Асалхон Аминжонова фаолиятида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. 19 ёшли футболчи фаолиятини Қозоғистоннинг "Қизилжар" клубида давом эттиради. Бу трансфер нафақат унинг шахсий ривожланиши, балки ўзбек аёллар футболининг халқаро майдондаги навбатдаги ютуғи сифатида ҳам эътиборга лойиқ.
Асалхон Аминжонова 2007 йил 22 апрел куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида таваллуд топган. Унинг профессионал футболчилик фаолияти 2021 йилда ОКМК тизимида бошланди. Ўша мавсумда у ОКМК U-16 жамоаси билан Ўзбекистон U-16 чемпионатида бронза медалларини қўлга киритди. Шунингдек, ОКМК-2 сафида Биринчи лига чемпионлигини нишонлаб, ёшлигиданоқ жамоавий муваффақиятларга муносиб ҳисса қўша олди.
2022 йилдан бошлаб Асал ОКМКнинг асосий жамоаси сафида майдонга туша бошлади. Унинг иқтидорли ўйини кўп ўтмай миллий терма жамоа мураббийлари эътиборини тортди ва 2023 йилда илк бор Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоасига чақирилди. Ўша йили Ханчжоуда ўтказилган Осиё ўйинларида терма жамоамиз тарихий натижа қайд этиб, мусобақани тўртинчи ўринда якунлади. Аминжонова ҳам ушбу муваффақиятга ҳисса қўшган футболчилардан бири бўлди.
2023 йил Тожикистонда ташкил этилган U-17 CAFA чемпионати эса Асалнинг фаолиятидаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди. У Ўзбекистон U-17 терма жамоаси билан мусобақа ғолибига айланди ва юқори савиядаги ўйини эвазига турнирнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.
Иқтидорли футболчи 2024 ва 2026 йилларда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сафида Осиё чемпионатида иштирок этди. 2026 йилда эса миллий терма жамоамиз билан катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам майдонга тушиб, халқаро тажрибасини янада бойитди.
Бугун Асалхон Аминжонованинг "Қизилжар" клубига кўчиб ўтиши унинг фаолиятидаги янги босқични бошлаб бермоқда. Хориж чемпионатидаги ўйинлар ёш футболчининг маҳоратини янада ошириши, миллий терма жамоамиз учун эса янада тажрибали ва кучли футболчи сифатида қайтишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Асалхон Аминжоновага Қозоғистондаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз. Ишонамизки, унинг хориждаги тажрибаси ўзбек аёллар футбол ривожига хизмат қилади ва Асал ҳамда унинг авлоди вакиллари келажакда Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионати сари етаклайдиган футболчилар сафидан жой олади.