14 ёшли футболчи “Леванте”нинг асосий жамоаси билан машғулот ўтказди
Испаниянинг “Леванте” клуби 14 ёшли марказий ҳимоячи Диего Мойанони асосий жамоа машғулотларига жалб этди. Ёш футболчининг иқтидорига эътибор қаратган бош мураббий Луис Кастро унга тажрибали футболчилар билан бирга шуғулланиш имкониятини яратди. Бу ҳақда Marca нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, 2012 йилнинг март ойида туғилган Мойано “Леванте” академиясининг энг истиқболли тарбияланувчиларидан бири ҳисобланади. У ўтган мавсум Валенсия ҳудуди терма жамоаси сафида 14 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Испания чемпионатида ғолиб чиққан. Шунингдек, ҳимоячи Испаниянинг U-14 терма жамоасида ўйнаган ва яқинда U-15 жамоасига ҳам чақирув олган.
Мойано 8 октябрь куни илк бор “Леванте”нинг асосий таркиби билан машғулот ўтказди. Бироқ ёш футболчи ҳозирча Ла Лигада дебют қила олмайди. Амалдаги ёш чекловларига кўра, у расмий учрашувларда қатнашиш учун 15 ёшга тўлишини кутиши керак. Шу боис ҳимоячининг асосий жамоа сафидаги илк ўйини 2027 йил март ойидан кейин амалга ошиши мумкин.
Маълумот учун, Диего Мойано “Леванте” академиясида тўққизинчи мавсумини ўтказмоқда. У жорий мавсум клубнинг U-16 жамоаси сафида бешта учрашувнинг барчасида асосий таркибда майдонга тушиб, 400 дақиқадан 379 дақиқасини ўтказган. Бу умумий ўйин вақтининг қарийб 95 фоизини ташкил этади.