1-лига ўтиш турнири — 2025 мусобақаси якунланди
Хабарингиз бор, йил давомида Республикамизнинг туман ва шаҳарларида ярим профессионал ва ҳаваскор жамоалар ўртасида 2-лига мусобақалари ўтказиб келинади. Ҳозирга келиб, ярим профессионал ва ҳаваскор жамоалар сони жами 229 тага етди.
ЎФА мунтазам равишда йил якунида 2-лига ғолиб ва совриндор жамоалари ўртасида “1-лига ўтиш турнири”ни ташкил этиб келмоқда. Ушбу турнир ёш иқтидорли футболчиларни профессионал футболга жалб этиш, жамоалар савиясини ошириш, ўйин амалиётини кўпайтириш ҳамда 1-лига учун муносиб, рақобатбардош жамоалар сонини оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилги "1-лига ўтиш турнири" 1–8 декабрь кунлари Жиззах шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан жами 15 та жамоа иштирок этди.
Мусобақанинг финал баҳсида Наманган вилоятининг “Баркамол” жамоаси ва Тошкент вилоятининг “Нурафшон” жамоаси куч синашди. Якунда “Нурафшон” жамоаси 4:1 ҳисобига ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди. Мусобақанинг 3-ўринини Сурхондарё вилоятининг ТЕРДУ жамоаси эгаллади.
Якунда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ғолиб ва совриндорларга кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.