locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Рене Игита: дўстлашган Пабло Эскобар ва одам ўғирлаш воқеасидан сўнг 9 ой қамоқда ўтирган афсонавий дарвозабон

«Ақлдан озган», инқилобчи ва даҳонинг ўзи. Колумбия футболи афсонавий дарвозабони Рене Игитанинг ҳаёти футбол майдонидаги каби ғайриоддий ва хавфли воқеаларга бой бўлган.
Эксклюзив янгиликлар
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Рене Игита: дўстлашган Пабло Эскобар ва одам ўғирлаш воқеасидан сўнг 9 ой қамоқда ўтирган афсонавий дарвозабон
photo: gettyimages

«Ақлдан озган», инқилобчи ва даҳонинг ўзи. Колумбия футболи афсонавий дарвозабони Рене Игитанинг ҳаёти футбол майдонидаги каби ғайриоддий ва хавфли воқеаларга бой бўлган.

Рене Игита ҳақида гап кетганда, футбол мухлисларининг кўз олдига биринчи навбатда унинг 1995 йилда «Уэмбли» стадионида Англияга қарши амалга оширган машҳур «Чаён зарбаси» келади.

Бошқалар эса уни Колумбия футболидаги олтин даврнинг энг ёрқин тимсолларидан бири сифатида эслайди. Яна кимдир Игитани мамлакат тарихидаги энг машҳур наркобаронлардан бири Пабло Эскобар билан очиқ алоқада бўлган футболчи сифатида билади.

Игита эса ўзини «мукаммал даражада номукаммал инсон» деб таърифлаган.

Унинг собиқ жамоадоши Карлос Вальдеррама эса шундай деган:

«Ҳа, у ақлдан озган. У жинни, лекин яхши жинни»

Игита 40 дан ортиқ гол урган, дарвозабонлар ҳақидаги тасаввурни ўзгартирган, футбол қоидаларига таъсир кўрсатган ва ҳатто Пабло Эскобар билан боғлиқ одам ўғирлаш ишида воситачи бўлган.

Унинг ҳаёти футбол тарихида ўхшаши кам учрайдиган ҳикоялардан биридир.

Олтин даврдаги ноёб дарвозабон

photo: gettyimages

Рене Игита ёшлигида онасидан айрилган ва уни бувиси тарбиялаган. У Медельин кўчаларида футбол ўйнаб улғайди.

Қизиғи шундаки, Игита дастлаб ҳужумчи бўлишни истаган.

Маҳаллий турнирлардан бирида мактаб жамоасининг дарвозабони жароҳат олгач, Игита дарвозани қўриқлашга мажбур бўлди. Жамоаси мусобақада ғолиб чиқди ва шундан кейин у дарвозабонликка жиддий киришди.

Аммо ҳужумчилик инстинкти унинг қонида қолиб кетди.

Игита профессионал фаолиятини «Мильонариос»да бошлади. У ерда асосий таркиб футболчисига айлана олмаган бўлса-да, ўтказган бир нечта учрашуви «Атлетико Насьонал» скаутларининг эътиборини тортди.

1986 йилда Медельин клуби уни захира дарвозабон сифатида ўз сафига қўшиб олди.

Аммо унинг «Атлетико Насьонал»даги дебюти кутилмаган тарзда юз берди.

Игита иккинчи бўлим бошланишида захира ўриндиғида ўтирганди. Шу пайт қовурилган чўчқа гўштининг ҳиди уни ўзига тортиб, у стадионнинг бошқа қисмига чиқиб кетди.

Айни вақтда асосий дарвозабон қизил карточка олди ва захира посбонни излаш бошланди.

«Стадион диктори: «Хосе Рене Игита, зудлик билан «Атлетико Насьонал» захира ўриндиғига келинг», деганини эшитдим. Мен югуриб чиқдим. Мураббий Анибал Руис менга: «Игита, сенинг бошингга нима бўлди? Майдонга туш», деди», — деб эслаган эди у.

Игита майдонга тушиб, қисқа вақт ичида яхши ўйин кўрсатди. Кейинчалик асосий дарвозабон клубни тарк этгач, у жамоанинг биринчи рақамли посбонига айланди.

Бўйи атиги 175 сантиметр атрофида бўлган Игита анъанавий дарвозабонларга ўхшамасди. У жарима майдонидан узоққа чиқиб, ҳужумчиларга қарши курашарди, тўпни олиб, рақиб футболчиларини алдаб ўтарди ва ҳужумларга қўшиларди.

У ҳатто рақиб жарима майдонигача етиб бориб, ҳужумчиларга ёрдам берарди.

Пенальтиларни қайтариши билан машҳур бўлишнинг ўзи етарли эмасдек, Игита уларни ўзи ҳам тепарди. У жарима зарбаларидан ҳам гол урган.

Тез орада стадионлар «Эль Локо» — «Жинни» лақабини олган дарвозабонни кўриш учун мухлислар билан тўла бошлади.

Вальдеррама бу ҳақда:

«Одамлар унинг ўйин услубига қараб, ўзига бино қўйган деб ўйлашарди. Йўқ, у шунчаки шундай эди», — деган.

«Атлетико Насьонал» ва Либертадоресдаги тарихий ғалаба

photo: gettyimages

Игитанинг фаолиятидаги энг катта муваффақиятлардан бири 1989 йилда юз берди.

«Атлетико Насьонал» Либертадорес кубоги финалида Парагвайнинг «Олимпия» клубига қарши баҳс олиб борди.

Биринчи учрашувда колумбияликлар 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишди. Жавоб учрашувида эса «Атлетико Насьонал» икки гол уриб, умумий ҳисобни тенглаштирди ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди.

Айнан шу ерда Игита ҳақиқий қаҳрамонга айланди.

У «Олимпия»нинг биринчи пенальтисини қайтарди. Серия давомида навбат Игитага келганида эса дарвозабоннинг ўзи бешинчи пенальтини аниқ амалга оширди.

Серия кескин тус олди. Игита яна бир нечта зарбани қайтарди, бироқ жамоадошлари ҳам имкониятларни бой беришди.

Охир-оқибат Леонель Альварес ҳал қилувчи пенальтини голга айлантириб, «Атлетико Насьонал»га 5:4 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.

Шу тариқа «Атлетико Насьонал» Либертадорес кубогини қўлга киритган тарихдаги илк Колумбия клубига айланди.

Ўша йилнинг охирида колумбияликлар қитъалараро кубокда Европа чемпиони «Милан»га қарши майдонга тушди.

Игита бошчилигидаги «Атлетико Насьонал» таркиби Марко ван Бастен, Карло Анчелотти, Франк Райкард, Паоло Мальдини ва Франко Барези каби юлдузларга қарши 118-дақиқагача муносиб қаршилик кўрсатди.

Аммо Альберико Эвани қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқаларида «Милан»га ғалаба голини олиб келди.

Жаҳон чемпионатидаги хато

1990 йилги Жаҳон чемпионати Колумбия учун катта воқеа эди. Жамоа мундиалда иккинчи марта қатнашayotgan ва 28 йиллик танаффусдан сўнг турнирга йўлланма олганди.

Игита эса терма жамоанинг асосий футболчиларидан бири эди.

Колумбия гуруҳ босқичини БАА устидан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади. Кейин Югославияга 0:1 ҳисобида ютқазди ва кейинги босқичга чиқиш учун ГФРга қарши баҳсда очко керак эди.

Игита ўзининг одатий жасур услубидан воз кечмади ва кучли рақибга қарши ҳам дарвозадан узоққа чиқиб ўйнади. Колумбия сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб, кейинги босқичга йўл олди.

Аммо Камерунга қарши 1/8 финал учрашувида унинг таваккалга асосланган услуби салбий оқибатга олиб келди.

Асосий вақт 0:0 ҳисобида якунланди. Қўшимча бўлимда Роже Милла Игитани доғда қолдириб, Камерунни олдинга олиб чиқди.

Орадан икки дақиқа ўтиб, Игита тўп билан Колумбия ярим майдонининг юқори қисмида пайдо бўлди. У тўпни жамоадошига узатмоқчи бўлди, бироқ узатма ноаниқ чиқди.

Милла тўпни эгаллаб, дарвоза томон югурди. Игита вазиятни тузатишга уринди, аммо ҳужумчи уни алдаб ўтиб, иккинчи голни урди.

Колумбия мундиални тарк этди.

Шунга қарамай, терма жамоа мамлакатга қайтгач, футболчиларни минглаб мухлислар қаҳрамонлардек кутиб олди.

Пабло Эскобар билан алоқалар

photo: gettyimages

Игитанинг ҳаётидаги энг баҳсли саҳифалардан бири Пабло Эскобар билан алоқалари бўлган.

1980-йилларнинг охирида «Атлетико Насьонал» Жанубий Америка футболидаги кучли жамоалардан бирига айланди. Клуб Медельин шаҳрининг футбол рамзига айланаётган бир пайтда наркокартеллар мамлакат футболига катта таъсир кўрсатарди.

Пабло Эскобар ҳам «Атлетико Насьонал» билан яқин алоқада бўлган.

1988 йилда ҳакам Армандо Перес ўзларини бир нечта клублар номидан иш юритаётган гуруҳ вакиллари деб таништирган шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. У 20 соат давомида асирликда сақланди.

1989 йилда эса «Атлетико Насьонал» Либертадорес кубогини қўлга киритганидан олти ой ўтиб, ҳакам Альваро Ортега отиб ўлдирилди.

Бу воқеа Колумбия футболи учун оғир оқибатларга олиб келди ва мамлакат чемпионати мавсуми якунланмасдан бекор қилинди.

Игитанинг Эскобар билан муносабатлари эса 1990-йиллар бошида жамоатчилик эътиборига тушди.

1991 йилда дарвозабон Эскобарнинг «Ла Катедраль» деб номланган шахсий қамоқхонасига ташриф буюрди. У ердан чиқаётганида журналист ундан Эскобар билан дўстми, деб сўради.

«Ҳа. Бунинг ғалати жойи йўқ. Мен ҳеч кимдан қарздор эмасман. Журналистлар сарлавҳаларни яратади. Мамлакатимиз обрўсини ҳам сизлар яхши ёки ёмон томонга ўзгартирасизлар», — деган Игита.

У Эскобар билан танишуви ҳақида кейинчалик Netflix’нинг «Higuita: The Way of the Scorpion» ҳужжатли фильмида ҳам гапирган.

Игита ҳар доим жиноий фаолиятга алоқадор бўлганини рад этиб келган.

Одам ўғирлаш воқеаси

photo: gettyimages

1993 йил май ойида Медельинда Марсела исмли ўсмир қиз ўғирлаб кетилди.

Унинг сўзларига кўра, икки мотоциклдаги одам автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчини машинадан туширишган ва қизни номаълум жойга олиб кетишган.

Марсела бир ой давомида бир хонада қамалиб сақланган.

«Ҳар куни менга бирор ёмон нарса қилишларидан қўрқардим. Мени зўрлашларидан ёки тирик қолмаслигимдан қўрқардим», — деб эслаган у.

Ўғирлашдан кўп ўтмай, «Атлетико Насьонал» президенти Игитага мурожаат қилди.

«Клубнинг ашаддий мухлиси муаммога дуч келди», — дейишди унга.

Игита нима учун бу ишга алоқадор бўлиши кераклигини сўраганида, унга шундай жавоб берилди:

«Сен таниқли ва ҳурматга эга одамсан. Қизга ҳеч нарса бўлмаслиги учун воситачи бўласан»

Игита рози бўлди.

Кейинчалик маълум бўлишича, ўғирлаб кетилган қиз Пабло Эскобар билан алоқадор бўлган Луис Карлос Молина Йепеснинг қизи эди.

Молина «Атлетико Насьонал»нинг йирик инвесторларидан бири ва Медельин картели билан алоқадор шахс сифатида танилган.

Ўғирлаб кетувчилар қизни озод қилиш учун 3 миллион доллар талаб қилишган.

Игита музокараларда воситачи бўлишга рози бўлди ва тўлов жараёнида иштирок этди.

Қутқарувчи қамоққа тушди

Игита тўлов учун пулни олиб, воқеалар ривожини кутди.

Охир-оқибат, қизни озод қилиш жараёнида у бевосита иштирок этди.

Марсела бир ой давомида қамалган хонадан чиқарилиб, автомобилда олиб кетилди ва университет яқинида туширилди.

Айнан шу ерда Игита уни олиб кетиши керак эди.

Дарвозабон автомобилдан тушганида, талабалар уни ўраб олиб, дастхат сўрай бошлашди. Марсела ҳам унинг олдига келганида, Игита дастлаб унинг кимлигини тушунмади.

Вазиятни англагач, қизни машинасига ўтқазиб, ота-онасининг уйига олиб кетди.

«У ҳам қўрқаётган эди. Менимча, иккимиз ҳам қўрқардик. У мени уйга хавфсиз етказиш учун ҳамма нарсани қилди. Йўл-йўлакай қизил чироқлардан ўтдик, ҳатто йўл четидан ҳайдаддик», — деб эслаган Марсела.

Қиз уйига қайтарилгач, оиласи Игитага миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, қизнинг отаси унга тахминан 50 минг доллар берган. Игита пулни олишни бир неча бор рад этган, бироқ оила уни қабул қилишга кўндирган.

Шундан кейин унинг муаммолари бошланди.

Игита прокуратурага чақирилди. У воқеа ҳақида тушунтириш бериб, уйига қайтишини кутганди.

Аммо дарвозабон кейинги тўққиз ойини қамоқда ўтказди.

Прокуратура унинг одам ўғирлаш жараёнидаги воситачиликдан молиявий фойда кўрганини ва ўша йили кучга кирган қонунни бузганини таъкидлади.

Игита эса пул ишлаш ниятида бўлмаганини, фақат қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзини хавф остига қўйганини айтди.

Кейинчалик унга қўйилган айбловлар бекор қилинди.

Бироқ полиция ундан Пабло Эскобарнинг қаерда яширинганини билишга ҳаракат қилди.

«Улар менга: «Паблони топширсанг, қамоққа тушмайсан», дейишди. Кейин мени ҳақорат қилишни ва босим ўтказишни бошлашди», — деб эслаган Игита.

Унинг қамоққа олиниши Колумбияда катта шов-шувга сабаб бўлди. Марсела эса ўз қутқарувчисини телевизорда жиноятчилар билан боғлиқ шахс сифатида кўрганидан ҳайратда қолди.

Игитанинг қамоқда ўтказган даври унинг оиласига ҳам оғир таъсир кўрсатди.

«Чаён зарбаси»дан ҳам каттароқ ҳикоя

photo: gettyimages

Игита қамоқда бўлган пайтда Колумбия терма жамоаси тарихий натижаларни қайд этди.

1993 йил сентябрь ойида Колумбия Буэнос-Айресда Аргентинани 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, 1994 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

Учрашувдан сўнг футболчилар кийиниш хонасида Игитанинг номини ҳайқиришди. Жамоадошлари унинг озод этилишини талаб қилиб, ғалабани қамоқда бўлган дарвозабонга бағишлашди.

Пабло Эскобар 1993 йил декабрида Колумбия куч тузилмалари томонидан ўлдирилди.

Кўп ўтмай Игита ҳам айбловларсиз озод қилинди ва яна Колумбия терма жамоасига қайтди.

Кейинчалик у реклама ролиги суратга олинаётган пайтда «Чаён зарбаси» ғоясини ўйлаб топди. Икки йил давомида жамоадошлари унга баланд тўплар узатиб, у оёқларини юқорига кўтариб қайтариб юрди.

Ниҳоят, 1995 йилда «Уэмбли»да Англияга қарши ўртоқлик учрашувида Игита футбол тарихидаги энг машҳур сейвларидан бирини амалга оширди.

У орқага эгилиб, оёқларини бошининг устидан олиб ўтган ҳолда тўпни қайтарди.

Бу лаҳза Игитанинг фаолиятидаги энг машҳур кадрга айланди.

Аммо унинг ҳаёти фақат «Чаён зарбаси»дан иборат эмас эди.

Рене Игита — дарвозабонлик чегараларини ўзгартирган, футбол майдонида таваккал қилишдан қўрқмаган ва ҳаётида футбол тарихидаги энг ноодатий воқеаларни бошдан кечирган футболчи.

Унинг ҳикояси Колумбия футболидаги олтин давр, Пабло Эскобар даври ва ўша йиллардаги мамлакат ҳаётининг мураккаб манзараси билан чамбарчас боғлиқ.

Шу сабабли Игита футбол тарихида нафақат ўзининг ноодатий сейв ва голлари, балки ҳаёт йўли билан ҳам алоҳида из қолдирган афсоналардан бири бўлиб қолади.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг