Златан Ибрагимович Тайсон Фьюрига қарши жанг қилмоқчи
Футбол бўйича Швеция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Златан Ибрагимович супероғир вазн тоифасида WBC, WBO, IBO, WBA Super, The Ring ва IBF йўналишлари бўйича собиқ жаҳон чемпиони, британлик Тайсон Фьюри билан кўз уришиш (battle of faces) маросимини ўтказди ҳамда жорий йилнинг 1 август куни Дублин (Ирландия) шаҳрида унга қарши рингга чиқишига ишора қилди.
«Тезкор хабар! Жанг 1 август куни Дублин (Ирландия) шаҳрида бўлиб ўтади. Боксни яна буюк қиламиз», — дея Ибрагимович ўзининг X (Twitter) ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштирган суратга изоҳ қолдирди.
Маълумот учун, Тайсон Фьюри ҳозирда 37 ёшда. Британлик боксчи профессионал фаолияти давомида 35 та ғалаба (24 таси нокаут билан), 2 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган.
44 ёшли Ибрагимович эса 2023 йилнинг ёзида футболчилик фаолиятини якунлаган эди. Швед ҳужумчиси фаолияти давомида «Мальмё», «Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «ПСЖ», «Манчестер Юнайтед» ва «Лос-Анжелес Гэлакси» клубларида тўп сурган. Унинг сўнгги жамоаси «Милан» бўлган. Аввалроқ швед футболчиси ёрқин фаолияти учун УЕФАнинг махсус мукофоти билан тақдирлангани ҳақида хабар берилган эди.