Жейрон Эннис янги вазнда дебют қилади — биринчи ўрта вазндаги жанг августда
Яримўрта вазн чемпиони Жейрон Эннис профессионал фаолиятидаги янги босқични бошлашга тайёрланмоқда. Америкалик 27 ёшли боксчи яримўрта вазндаги чемпионлик камарини вакант ҳолатда қолдириб, биринчи ўрта вазн тоифасига ўтишини эълон қилган эди.
Энниснинг промоутери Эдди Хирнга кўра, у янги вазндаги дебют жангини август ёки сентябрь ойида ўтказади:
“У биринчи ўрта вазнни даҳшатга солади. Йирик жисмоний тузилиши ва табиий вазни унга бу вазнда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этишга ёрдам беради. Эннис наfaqat биринчи ўрта вазнда, балки бир йил ичида ўрта вазнда ҳам етакчига айланиши мумкин”, — деди Хирн.
Промоутерга кўра, Жейрон Эннис Вержил Ортис, Бахрам Муртазалиев, Себастьян Фундора ва бошқа етакчиларга қарши жанг қилишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Энниснинг яримўрта вазнни тарк этиши натижасида ушбу тоифадаги вакант чемпионлик камари учун Шаҳрам Ғиёсов жанг олиб бориши кутилмоқда. Шунингдек, янги вазнда Эннисга рақиб бўлиши мумкин бўлган боксчилардан бири — ўзбекистонлик Исроил Мадримов ҳам ушбу тоифада фаолият юритмоқда.