Ўзбекистон бокс федерацияси биносида катта тадбир ташкил этилди
Бугун федерациямиз биносида, расмийларимиз, ОАВ вакиллари, бокс мухлислари, чемпионларимиз ва мураббийлар иштирокида катта тадбир бўлиб ўтди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоамизнинг халқаро майдондаги ютуқлари дунё брендлари, йирик компаниялар эътиборини тортгани бежиз эмас албатта. Бокс аллақачон мамлакатимизда етакчи, устувор, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг дунё саҳнасидаги имижини шакллантираётган энг асосий спорт турларидан бирига айланиб улгурган десак адашмаган бўламиз.
Шу аснода, Ўзбекистон бокс федерацияси ва лидер автокомпаниялардан ҳисобланган GWM компаниясининг “HAVAL” бренди ўртасида ўзаро яқиндан ҳамкорлик келишуви имзоланди. Ушбу тадбирнинг расмий қисмда, Ўзбекистон бокс федерацияси Бош котиби Шоҳид Тиллабўев ва "HAVAL" бренди директори Дмитрий Сисоевлар қатнашишди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.
Ўйлаймизки, ушбу келишув икки томон учун ҳам манфаатли бўлади ва ўзбек боксининг янада ривожланиши учун муҳим роль ўйнайди. Шу билан бирга Ўзбекистон бокс федерацияси ва боксчилар оиласи номидан бренд фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-14 сентябр кунлари Буюк Британиянинг Ливерпул шаҳрида ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида вакилларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 11 та медалга эга чиқдилар. Йигитларимиз эса илк бор дунё биринчиликларида 6 та олтин медалга сазовор бўлиб, тарихий натижа қайд этишди.
Бугунги тадбирнинг иккинчи қисми, матбуот анжуманида ана шу жаҳон чемпионати қаҳрамонлари ва уларни мусобақага тайёрлаган мураббийлар бевосита иштирок этишди.
Унда қатнашган юртимизнинг энг олди ОАВ вакиллари, ўзларининг қизиқтирган барча саволларига жавоблар олдилар.
Тадбир сўнгида, ушбу манзилга ташриф буюрган мухлислар ва чемпионларимиз биргаликда фотосессияларда иштирок этдилар.