World Boxing катталар ўртасидаги илк жаҳон чемпионатининг санаси ва ўтказиладиган жойини эълон қилди
2023 йили ташкил этилган янги халқаро бокс ташкилоти — World Boxing катталар ўртасидаги биринчи жаҳон чемпионатини ўтказади. Мусобақа 2025 йил 4–14 сентябр кунлари Буюк Британиянинг Ливерпул шаҳридаги M&S Bank аренасида бўлиб ўтади. Чемпионатда дунё бўйлаб 60 та мамлакатдан 500 нафардан ортиқ боксчи иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси ҳам World Boxing ташкилоти аъзолари қаторига кирган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро Олимпия Қўмитаси (XOҚ) аввал Ўзбекистон аъзо бўлган Халқаро бокс ассоциациясини (IBA) олимпия ҳаракатидан чиқарган эди. Бу қарорга бошқарув, молия ва ҳакамлик масалаларидаги жиддий камчиликлар сабаб бўлган. XOҚнинг таъкидлашича, 2020 йилда президентликка келган Умар Кремлёв бу муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмаган.
Олимпия ўйинларида бокснинг сақланиб қолиши ва 2024 йилги Олимпиадада иштирок этишини таъминлаш мақсадида янги ташкилот — World Boxing тузилди. Унга IBA раҳбариятидан норози бўлган мамлакатлар федерациялари қўшилди.