locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Умматалиев Шакур Стивенсонни ҳайратда қолдирди: «Сен телба экансан!»

Ўзбекистонлик яна бир истеъдод эгаси Жавоҳир Умматалиев профессионал боксга дадил қадамлар билан кириб бормоқда.
Бокс
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Умматалиев Шакур Стивенсонни ҳайратда қолдирди: «Сен телба экансан!»
photo: boks Uzbekistan

Умматалиев Шакур Стивенсонни ҳайратда қолдирди: "Сен телба экансан!"

Ўзбекистонлик яна бир истеъдод эгаси Жавоҳир Умматалиев профессионал боксга дадил қадамлар билан кириб бормоқда. Чарм қўлқоп устамиз айни кунларда АҚШнинг Калифорния штатида машғулот ўтказяпти.

Бугун Жавоҳир Умматалиев билан Америка таассуротлари, тайёргарлик жараёни ва сентябрдаги жанги ҳақида сухбатлашамиз.

— Жавоҳир Америка тассуротлари қандай, айни вақтда қайси штат ва шаҳардасиз?

— Аввало, ассалому алайкум. Америкага биринчи марта келишим. Ҳозир Калифорния штатининг Индио шаҳридамиз. Машғулотларимиз шу ерда давом этмоқда. Янги муҳитга мослашиш жараёни ҳам яхши кечмоқда.

— Ҳозир қайси клуб ва мураббийлар қўл остида тайёргарлик кўряпсиз?

— Бу ерда Муроджон Аҳмадалиев ва Бектемир Мелиқўзиев билан ишлайдиган мураббий ака-ука Диаслар қўл остида шуғулланяпмиз. Бундан ташқари, Лос-Анжелесда Хулио исмли мураббий қўл остида спарринг машғулотларини ўтказяпмиз.

— Америкада профессионал боксга ёндашув қандай? Уни ҳаваскор боксдан ажратиб турадиган асосий жиҳатлар нимада экан?

— Биласиз, Америкада профессионал бокс жуда ривожланган. Бу ерда дунёнинг турли давлатларидан келган кучли боксчилар жамланган. Шу сабабли машғулотлар сифати ва ёндашуви ҳам анча фарқ қилади. Асосий эътибор зарбанинг кучи ва сифатини оширишга қаратилади. Ҳаваскор боксда эса кўпроқ тезкорлик ва очко ишлаш устида ишланади.

— Қайси промоутерлик компанияси билан шартномага эгасиз ва шартномада мухлисларни хайрон қолдирадиган қандайдир бандлар борми?

— Айни пайтда Англиянинг "Queensberry Promotions" компанияси билан шартномамиз бор. Бу компания билан Тайсон Фьюри, Даниэль Дюбуа, Мозес Итаума, Фабио Уордли каби кўплаб кучли боксчилар ҳамкорлик қилади. Шартнома тафсилотлари эса ҳозирча ошкор этилмайди.

— Шакур Стивенсон билан бирга машғулот ўтказганингиз мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. У билан боғлиқ эсда қоларли воқеалар ҳам бўлдими?

— Ҳа, Лас-Вегасда Шакур Стивенсон билан уч марта машғулот олиб бордик. Флойд Мейвезер спорт залида спарринг ҳам ўтказдик. Машғулотлардан кейин у жангимдаги айрим хатоларни кўрсатиб, фойдали тавсиялар берди.

Энг қизиқарли воқеа эса спаррингдан кейин юз берди. Мен унга "растяжка" (русчадан олинган жаргон сўз, маъноси чидамлилик ва ҳаракатчанликни оширувчи машқ) кўрсатдим, аммо у бу машқни бажара олмади. Шунда кулиб, инглиз тилида: "You are crazy" ("Сен телба экансан") деб ҳазил аралаш ҳайратини билдирди.

— Шакур Стивенсон ўзбек боксчиларини қай даражада танийди?

— Маълум бўлишича, у кўплаб ўзбек боксчиларини яхши билар экан. Муроджон Аҳмадалиев билан ҳатто 2016 йилги Рио Олимпиадасида бирга қатнашганини айтди. Шунингдек, менинг жангларимни ҳам аввал кузатган экан. Айниқса, Арлен Лопесга қарши жангим унга ёққанини таъкидлади. Ҳатто: "Лас-Вегасга келганингда исталган пайт мен билан машғулот ўтказишинг мумкин", деди.

— Америкада яна қайси машҳур спортчилар билан учрашишга муваффақ бўлдингиз?

— Лас-Вегасда UFC базасига бордик. Биласиз, Раҳматилло Бойматов яқинда Zuffa Boxing билан шартнома имзолади ва у ерда кўрикдан ўтди. Шу сабабли UFC базасида боксчилар эмас, ташкилотнинг бир қатор чемпионлари билан учрашиш насиб қилди.

— Сентябрдаги эҳтимолий рақибингиз сифатида кимни кўришяпти?

— Ҳозирча рақибим аниқ эмас. Ўйлашимча, яқин бир-икки ҳафта ичида бу масала тўлиқ ойдинлашади.

— Профессионал боксчиларда ўзига хос номлар бўлади. Айтайлик Жалолов – "Big Uzbek", Аҳмадалиев – MJ ва ҳоказо…. Умматалиевда қандай бўлади?

— Албатта, профессионал боксда бундай ўзига хос номлар муҳим аҳамиятга эга. Америкада исмим ёки фамилиямни талаффуз қилиш бироз қийин бўлаётгани учун ҳозирча ўзимни "Жавло" деб таништиряпман. Аммо ҳозирча расмий номим йўқ. Шунга қарамай, келажакда мухлислар мени айнан "Умматалиев" фамилияси билан танишини истардим.

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг