locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

«Тошкент йўлбарси»нинг ўчмас панжа излари ёхуд авлодларга қолган буюк мерос!

Ўзбек боксида ўчмас из қолдирган ҳақиқий афсона — Руфат Рисқиев 76 ёшида бу оламни тарк этди.
Бокс
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
«Тошкент йўлбарси»нинг ўчмас панжа излари ёхуд авлодларга қолган буюк мерос!
photo: gettyimages

“Тошкент йўлбарси”нинг ўчмас панжа излари ёхуд авлодларга қолган буюк мерос!

Ҳа, бугун ўзбек боксида ўчмас из қолдирган ҳақиқий афсона — Руфат Рисқиев 76 ёшида бу оламни тарк этди.

Тириклигидаёқ афсонага айланган Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида таваллуд топганди. Деярли бутун умрини боксга бағишлаган қаҳрамонимиз Ўзбекистон боксига тамал тошини қўйган Сидней Жаксоннинг илк шогирдларидан бири бўлганди.

У Собиқ Иттифоқ давридаги кучли рақобат, турли тўсиқлар ва адолатсизликларни енгиб, ўзбек муштининг нақадар қаттиқ эканлигини исботлай олганди.

Фаолияти давомида асосан -75 кг вазн тоифасида ажойиб натижалар қайд этган Рисқиев 4 карра Собиқ Иттифоқ чемпиони, жаҳон чемпиони ва Монреал Олимпиадаси кумуш медали соҳиби бўлди.

Олимпиада финалида америкалик рекордчи Майкл Спинксга қарши жанг қилганини ҳам катта ёшли мухлислар яхши эслайди.

Спортчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг, мураббийлик ва ҳакамлик билан шуғулланди. Аммо рингдаги “даҳшатли” рақиблар ва ҳаётнинг жуда кўп “баланд-пастликлари” йиқита олмаган чемпионни хасталик тўшакка михлади.

Бироқ ундаги матонат, сабр ва иштиёқни синдира олмади. Касаллик туфайли оёқларидан ажралган бўлса-да, ўзидаги чемпионлик руҳини ҳар доим сақлаб қолди.

Кўп бор бокс оиласи билан биргаликда унинг уйида бўлганмиз, ҳамсуҳбат бўлганман. У ҳар доим хушчақчақлиги, одамшинавандалиги ва ҳазилкашлиги билан мени ҳайрон қолдирган. Шунда ўйлардим: “Ўзи бундай аҳволда бўлса, қандай қилиб кўнглига сиғдиради?”

Кейин тушундимки, буюк инсонларнинг матонати ҳам буюк бўларкан!

Ҳа, у ўзига ачинув ҳисси билан қарашни истамас эди. Унда енгилмас руҳ барҳаёт эди. У енгилишни хоҳламасди!

Айнан шу хислатлари уни буюк чемпионга айлантирган эди.

Биласизми, у нафақат ажойиб боксчи бўлган, балки мен кўрган чармқўлқоп усталари орасидаги энг билимли ва зукко инсонлардан бири эди. Мураккаб бошқотирмаларни ечиш устаси бўлган. Бу борада биоз баҳслашиб ҳам кўргандим ва “қўлимни кўтарганман”…

Латифа айтиш бўйича эса бутун сайёра чемпиони эди, десам янглишмаган бўламан.

Ҳа, Руфат ака мана шундай ажойиб инсон эди.

Тўғри, у энди орамизда йўқ. Бироқ у ёзган тарих, қолдирган мерос халкимиз қалбида яшайверади.

Йиллар ўтаверади, янгидан-янги чемпионлар чиқаверади. Аммо бир нарса борки, Руфат Рисқиев 1-рақамли чемпион бўлиб қолаверади!

Ҳа, “Тошкент йўлбарси” кетди. Бироқ унинг ўзбек боксисида қолдирган панжа излари шу қадар чуқурки, улар ҳеч қачон кўмилиб кетмайди…

Чунки буюклар ўлмайди!

Охиратигиз обод бўлсин, буюк чемпион — Руфат Рисқиев!

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати раҳбари, Аҳмадбек Эшматов.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг