Шаҳрам Ғиёсов WBA вақтинчалик чемпионлик камари учун жанг қилади
Ярим ўрта вазн тоифасида ҳаракат қилаётган ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсовнинг навбатдаги жанги борасида муҳим маълумотлар пайдо бўлди.
MoBoxing&NoProblem нашрининг хабар беришича, Ғиёсов WBA версияси бўйича вақтинчалик чемпионлик камари учун жанг қилиш арафасида турибди. Унга рақиб сифатида мексикалик Раул Куриэл кўзда тутилмоқда.
Ҳозирча ҳар икки боксчи WBA тўлақонли чемпиони Ролли Ромеронинг қарорини кутмоқда. Аввалроқ WBC ташкилоти Ромерога Барриос — Пакяо жангининг ғолиби билан бирлаштирувчи тўқнашувни таклиф этган.
Маълумки, Шаҳрам Ғиёсов ҳозирда WBA йўналишида расмий даъвогар ҳисобланади.
31 ёшли ҳамюртимиз профессионал фаолияти давомида 17 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Унинг эҳтимолий рақиби, 29 ёшли Раул Куриэл эса 16 ғалаба ва 1 дурангга эришган.