Россиянинг Набережние Челни шаҳрида IBA.Pro 20 профессионал бокс кечаси ташкил этилади
Набережние Челнида ўзбек боксчилари рингга кўтарилади
14 август куни Россиянинг Набережние Челни шаҳрида IBA.Pro 20 профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Унда бир қатор ўзбекистонлик чармқўлқоп усталари рингга кўтарилади.
Биринчи оғир вазн — 90,7 кг тоифасида фаолият юритаётган Ҳалимжон Мамасолиев (8-0, 7 KO) россиялик тажрибали бокчи Юрий Кашинский (22-5, 19 KO)га қарши жанг қилади. Ўн раундга мўлжалланган мазкур қарама-қаршилик Ҳалимжон учун фаолиятидаги муҳим синовлардан бири бўлади.
Профессионал бокснинг 55,3 кг вазн тоифасида ҳаракат қилаётган Миразизбек Мирзаҳалилов (5-0, 4 KO) эса IBF European чемпионлик камари учун мезбонлар вакили Чингиз Натиров (10-0, 5 KO) билан куч синашади. Бу жанг ҳам 10 раунд қилиб белгиланган.
Шунингдек, ярим ўрта вазн — 66,7 кг тоифасида Ҳавасбек Асадуллаев (8-0, 5 KO) россиялик Сергей Лубкович (20-0-2, 12 KO)га қарши 10 раундлик жанг ўтказади.
Профессионал бокс оқшомининг яна бир ўзига хос жиҳати — икки карра Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматовнинг фахрий меҳмон сифатида таклиф этилганидир.
Барча вакилларимиз рингда ўзларининг энг яхши жангларидан бирини намойиш этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига ишонамиз ва уларга муҳим жангларда омад ва зафар тилаймиз!