Расман: Мейвезер ва Пакьяо сентябрь ойида иккинчи бор ўзаро тўқнаш келади
Афсонавий боксчилар Флойд Мейвезер ва Менни Пакьяо 2026 йил 19 сентябр куни ўзаро иккинчи бор тўқнаш келишади. Мазкур учрашув Лас-Вегасдаги машҳур «Sphere» аренасида бўлиб ўтади. Дунё бўйлаб ушбу жангнинг трансляцияси билан «Netflix» стриминг сервиси шуғулланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда ҳар икки фахрий боксчи иштирок этган кўргазмали жанглардан фарқли ўлароқ, ушбу тўқнашув расмий профессионал мақомга эга бўлади. Флойд Мейвезер реваншга 50-0 (27 нокаут) кўринишидаги мукаммал натижа билан етиб келмоқда. Менни Пакьяо ҳисобида эса 62 ғалаба (39 нокаут), саккизта мағлубият ва учта дуранг мавжуд.
Рақиблар ўртасидаги илк жанг 2015 йилнинг май ойида бўлиб ўтган ва «Аср жанги» номини олган эди. Ўшанда америкалик Мейвезер ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозониб, ярим ўрта вазн тоифасида WBA, WBC ва WBO чемпионлик камарларини ҳимоя қилган эди. Ўша учрашув бокс тарихидаги энг даромадли спорт тадбирларидан бири сифатида рекорд ўрнатган.