Расман: IBF Василий Ломаченкога чемпионлик камарини қайтарди
Халқаро бокс федерацияси (IBF) украиналик машҳур боксчи Василий Ломаченконинг (18–3, 12 KO) фаолиятини якунлаши муносабати билан уни чемпионлик камаридан маҳрум қилди. IBF расмий баёнотида қайд этилишича, ушбу қарор натижасида енгил вазн тоифасида вақтинчалик чемпион бўлган Реймонд Мураталла тўлиқ тоифадаги IBF чемпиони сифатида тан олинди. Шунингдек, 14 июнь куни Энди Круз ва Хиронори Миширо ўртасидаги жангда мажбурий даъвогар аниқланади.
IBF Ломаченконинг рингдаги карерасини юқори баҳолади:
“IBF жаноб Ломаченкони ўзининг собиқ чемпионлари қаторида кўришдан фахрланади. Унинг профессионал ва ҳаваскор йўналишлардаги ютуқлари таҳсинга лойиқ. Ломаченко бокс дунёсига илҳом ва маҳорат меросини қолдирди. Унинг изи келажак авлод учун йўлчироқ бўлиб қолади,” — дейилади ташкилот баёнотида.
Эслатма: 37 ёшли Ломаченко сўнгги бор 2024 йил май ойида Жорж Камбососга қарши жанг ўтказиб, унда яққол ғалаба қозонган ва IBF камарини қўлга киритган эди.