locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Қозоғистонлик бокс мутахассиси Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатидаги устунлигини эътироф этди

Шарипаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон мухлислари мағлубият учун турли баҳоналарни изламаслиги, аксинча, рақибнинг устунлигини тан олиши керак.
Бокс
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Қозоғистонлик бокс мутахассиси Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатидаги устунлигини эътироф этди
photo: boks Uzbekistan

Қозоғистонлик бокс мутахассиси Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатидаги устунлигини эътироф этди

Қозоғистонлик спорт эксперти ва собиқ боксиёр Айдар Шарипаев Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунлари ҳақида фикр билдириб, Ўзбекистон терма жамоасининг тарихий натижасини алоҳида эътироф этди.

Шарипаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон мухлислари мағлубият учун турли баҳоналарни изламаслиги, аксинча, рақибнинг устунлигини тан олиши керак.

"Ўзбекистоннинг 20 та (расмий якунда 21 та) олтин медални қўлга киритиши тасодиф эмас. Бундай натижага фақат узоқ йиллик тизимли ва пухта йўлга қўйилган меҳнат орқали эришиш мумкин. Мағлубиятни тан олиш ҳам кучлилик белгисидир", — деди у.

Муттахассис айрим жангларда ҳакамлар қарори юзасидан саволлар бўлиши мумкинлигини тан олган бўлса-да, Ўзбекистоннинг олтин медаллар сонидаги катта устунлигини ҳеч қандай омил билан изоҳлаб бўлмаслигини қайд этди.

Шарипаев Ўзбекистон боксдаги муваффақиятлар мураббийлар, ҳакамлар ва терма жамоа тизимининг самарали фаолияти маҳсули эканини таъкидлади.

Шунингдек, у Қозоғистон боксдаги асосий муаммолардан бири сифатида миллий терма жамоа учун замонавий баланд тоғ ўқув-машғулот базаси йўқлигини тилга олди. Унинг фикрича, бугунги кунда йиғинларнинг 800 метр баландликдаги Чимкентда ўтказилиши етарли эмас, спортчилар тўлиқ салоҳиятини намоён этиши учун эса 1500 метр ва ундан юқори баландликдаги базалар зарур.

"Менимча, Ўзбекистон терма жамоасига Қозоғистондан кўпроқ маблағ ажратилмайди. Фарқи шундаки, улар мавжуд ресурсларни анча самарали тақсимлаяпти ва керакли йўналишларга ўз вақтида сармоя киритмоқда. Бизда ҳам маблағ бор, аммо ишни ташкил этишда профессионал ёндашув етишмаяпти", — деди Шарипаев.

Қозоғистонлик эксперт мамлакат бокси яна Осиё, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида етакчиликни қўлга киритиши учун ислоҳотларни бугундан бошлаш зарурлигини таъкидлади.

Маълумот учун, 2026 йил Жакарта шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 33 та медал (21 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза) билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Қозоғистон эса 30 та медал (11 та олтин, 11 та кумуш ва 8 та бронза) билан иккинчи поғонадан жой олди. Ўзбекистоннинг 21 та олтин медали мазкур мусобақа тарихидаги рекорд натижа бўлди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг