Осиё чемпионларини юртимизда тантанали кутиб олишди
1–11 август кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ёшлар ва 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистоннинг ҳар икки терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб, жами 31 та медалга сазовор бўлди: 15 олтин, 9 кумуш ва 7 бронза.
Бугун эрталаб чемпионларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Тадбирда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, федерация вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва спортчиларнинг яқинлари иштирок этди.
Расмийлар ғолибларни юксак натижалар билан табриклаб, уларга келгусидаги нуфузли мусобақаларда ҳам мамлакат байроғини баланд тутишни тиладилар. Совриндорларга зарчопон ва гуллар тақдим этилди.