Наоя Иноуэ вазн тоифасини ўзгартириш эҳтимоли ҳақида гапирди
Иккинчи енгил вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлган япониялик боксчи Наоя Иноуэ келажакда вазн категориясидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.
«Ярим енгил вазн (57,1 кг) – мен учун энг юқори чегара. Ундан юқори тоифаларга ўтиш ниятим йўқ. Агар бўйим 170 см бўлганида, бу бошқа масала бўларди. Аммо жисмоний имкониятларим чекланган. Ҳатто иккинчи енгил вазнда ҳам менга мушак массасини тўплаш, жисмоний ҳолатимни яхшилаш осон кечмади», — деди Иноуэ.
«Мен ҳали ярим енгил вазнда ҳам жанг ўтказмаганман, шундай экан, ундан юқори дивизионлар ҳақида ўйлашга ҳали эрта», — деб қўшимча қилди чемпион.
Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида Наоя Иноуэ америкалик Рамон Карденасни 8-раундда техник нокаут билан мағлуб этганди. Энди у 14 сентябрь куни Токиода ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевга қарши жанг ўтказади.