Наоя Иноуэ фаолиятидаги 33-ғалабасини қўлга киритди
Иккинчи енгил вазн тоифасида (55,3 кг) мутлақ жаҳон чемпиони, япониялик афсонавий боксчи Наоя Иноуэ 2 май, шанба куни профессионал фаолиятидаги навбатдаги ғалабасини тантана қилди. Бу «Monster» учун рингдаги 33-ғалаба бўлди.
Ушбу баҳсда Иноуэгa ўзининг 28 ёшли ҳамюрти, мазкур вазн тоифасида иккинчи жангида иштирок этаётган Жунто Накатани рақиблик қилди. Кескин курашлар остида кечган тўлиқ 12 раундлик жанг якунида ҳакамлар бир овоздан амалдагӣ чемпионнинг ғалабасини қайд этишди:
116-112
115-113
116-112
Наоя Иноуэ профессионал рингдаги дебютини 2012 йил 2 октябрда ўтказган бўлиб, ўшанда филиппинлик Крисон Омайонини тўртинчи раунддаёқ нокаутга учратган эди. Ўша кундан буён ўтган 14 йилга яқин вақт ичида япон бокс юлдузи ўтказилган барча 33 та жангда зафар қучиб, ҳали ҳам мағлубият нималигини билмай келмоқда.
Ушбу ғалаба Иноуэнинг ўз вазн тоифасида мутлақ ҳукмронлигини ва жаҳоннинг энг яхши боксчиларидан бири (P4P) сифатидаги мавқеини яна бир бор мустаҳкамлади.