Наманганда бокс бўйича «Ҳоким олимпиадаси» мусобақалари қизғин давом этмоқда
Наманган вилоятида “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” доирасида спорт мусобақалари кенг кўламда ташкил этилмоқда. Жумладан, Наманган туманида бокс спорт тури бўйича “туман ҳокими олимпиадаси” босқичи юқори савияда ўтказилди.
Мазкур мусобақада вилоят ҳокими Шавкат Абдуразаков ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, ёш спортчиларга омад тиладилар ва уларни қўллаб-қувватладилар.
Беллашувларда 13–14 ёш тоифасидаги спорт мактаблари, хусусий спорт клублари ҳамда умумтаълим мактаблари спорт клубларидан келган иқтидорли боксчилар қатнашиб, ғолиблик учун муросасиз кураш олиб бордилар. Ҳар бир жанг юқори руҳ, куч ва маҳоратга бой тарзда ўтди.
Мусобақа давомида ёш спортчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, техникаси ва матонатини намоён этиб, томошабинларга ҳақиқий спорт байрамини тўҳфа этдилар.
Якуний натижаларга кўра, энг кучли ва муносиб иштирокчилар ғолибликни қўлга киритиб, диплом ҳамда медаллар билан тақдирландилар.