Мейвезер ёзда яна рингга қайтиши мумкин
Кикбоксинг оламининг тирик афсонаси, грек спортчиси Майк Замбидис ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бокс мухлисларини ҳайратда қолдирувчи постер эълон қилди. Ушбу суратга кўра, «Темир Майк» (Замбидис) бокс бўйича беш вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Флойд Мейвезерга қарши кўргазмали жанг ўтказади.

Эълонда қайд этилганидек, ушбу шов-шувли тўқнашув жорий йилнинг 27 июнь куни Афина шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирча Флойд Мейвезер жамоаси бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ.
Аввалроқ бокс оламида янада йирикроқ миш-мишлар тарқалган эди. Хабарларга кўра, 59 ёшли афсона Майк Тайсон 2026 йилнинг март ойида Африка қитъасида Мейвезер билан рингга чиқишни режалаштирган. Бироқ, март ойи яқинлашган бўлса-да, ушбу «супержанг» бўйича ҳали бирорта расмий тасдиқ ёки шартнома ҳақида маълумот берилмади.
Маълумот учун, 48 ёшни қаршилаган Флойд Мейвезер профессионал боксда мағлубиятсиз натижа қайд этган. Унинг фаолияти рақамларда қуйидагича кўриниш олган:
- Жанглар сони: 50 та;
- Ғалабалар: 50 та (0 мағлубият);
- Нокаутлар: 27 та.