Фарғона вилояти Риштон туманида замонавий бокс зали фойдаланишга топширилди
Риштон спорт мактабида уч карра жаҳон ва бир карра Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев номидаги замонавий бокс мажмуаси ҳамда ёшлар учун бокс тўгараги фаолияти йўлга қўйилди. Мажмуада ёш боксчилар учун замонавий талабларга жавоб берадиган шароитлар яратилган бўлиб, бу ерда уларнинг спорт маҳоратини ошириш ва профессионал спорт сари қадам ташлаши учун кенг имкониятлар мавжуд.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов, Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов, Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов, сектор раҳбарлари, спорт фахрийлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ёшларни қўллаб-қувватлаш, оммавий спортни ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.