Энтони Жошуа профессионал боксдаги фаолиятини қачон якунламоқчи эканлигини айтди
Супероғир вазн тоифасида IBF, WBA, WBO ва IBO камарлари собиқ эгаси, 36 ёшли британиялик Энтони Жошуа профессионал боксдаги фаолиятини қачон якунлашни режалаштираётгани ҳақида гапирди.
«Балким 40 ёшгача жанг қиламан. Бу атиги уч-тўрт йил дегани… Октябрь ойида 37 ёшга тўламан, шунинг учун бу атиги уч йилдан кейин содир бўлади, вақт тез ўтиб кетади. Албатта, қийин бўлади, лекин мен буни аниқ уддалайман. Нега энди йўқ?» — дея маълум қилди Жошуа матбуот билан мулоқот пайтида.
Жошуа профессионал даражада 2013 йилдан буён майдонга тушиб келади. Унинг ҳисобига 28 та ғалаба (шулардан 25 таси муддатидан аввал) ва тўртта мағлубият бор. Энтони, шунингдек, 2012 йили Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг 91 кг дан юқори вазн тоифасидаги олтин медали соҳиби ҳисобланади.