Чемпионлик камари учун яқинлашаётган Шехов Будапештда жанг ўтказади
26-апрел куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги "Фольёндар Спортс Ҳолл" мажмуасида профессионал бокс оқшоми ўтказилади.
Биз учун аҳамиятлиси, ушбу бокс турнири доирасида иккинчи енгил вазн тоифасида фаолият олиб бораётган чарм қўлқоп устамиз Муҳаммад Шехов венесуэлалик Орландо Моралесга қарши рингга кўтарилади. Жанг 8 раунд этиб белгиланган.
Маълумот учун, бухоролик 32 ёшли боксчимиз фаолияти давомида 16 та жанг ўтказиб, 15 ғалаба ва 1 та дуранг қайд этган.
У сўнгги жангида ўтган йилнинг декабрь ойида хитойлик Зонг Лиюга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган ва вакант бўлиб турган IBF Интерконтинентал камарини қўлга киритганди. Шехов ҳозирда WBO рейтингда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Унинг бўлажак рақиби, 20 ёшли Орландо Моралес ҳисобига эса 13 ғалаба ва 2 мағлубият бор.
Аввалроқ, Венгриядаги мазкур турнирда Шаҳжахон Абдуллаев ва Комронбек Турғунбоевнинг ҳам рингга кўтарилиши ҳақида хабар берган эдик.