Чемпион боксчилар тантанали равишда кутиб олинди
Хабарингиз бор, 5-11 ноябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳри VI Ислом бирдамлик ўйинлари комплекс мусобақаларининг бокс баҳсларига мезбонлик қилди. Ушбу мусобақада терма жамоамиз вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди. Якунларга кўра жамоамиз, 3 та олтин, 1 кумуш ва 2 та бронза медалларига эгалик қилдилар.
Бугун эса улар юртимизга қайтиб келди. Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида Мудофаа вазирлиги қошидаги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази бошлиғи, полковник Мансур Мамадаминов, Ўзбекистон бокс федерацияси Маркетинг бўлими бошлиғи Шахбоз Таваккалов бошчилигида расмийлар, ОАВ вакиллари ва спортчиларнинг яқинлари тантанали равишда кутиб олдилар.
Расмийлар спортчиларимизни юқори натижалар билан табриклар экан, ушбу нуфузли мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз яна бир бор юртимизнинг довруғини кўкларга кўтарганликларини таъкидлади.
Якунда совриндорларимизга зарчопонлар ва гуллар тақдим этилди.