Бокс. Тимур Ахбaев шогирдлари Осиё чемпионатини ёндиришга тайёр
Тимур Ахбaев шогирдлари Осиё чемпионатини "ёндиришга" тайёр!
Бир неча кундан сўнг, Тошкент шаҳрида кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Янада аниқроқ қилиб айтсак, 3 май куни Олимпия шаҳарчаси “Яккакурашлар” аренасида қитъа биринчилиги бошланади.
Мазкур чемпионатга қизларимиз ҳам қизғин ҳозирлик кўришди ва улардан ҳам умидимиз катта. Биз ушбу чемпионат арафасида ўсмир ва ёш қизлар терма жамоамиз Бош мураббийи Тимур Ахбaев билан қисқача суҳбатда бўлдик.
- Тимур ака, чемпионатга ҳам қисқа муддат қолди. Шогирдларингиз мусобақани "ёндириш"га тайёрми?
- Албатта, тайёргарлик жуда яхши бўлди. Осиё чемпионати оддий мусобақа эмас, барча бу чемпионатга жиддий ҳозирлик кўрган бўлади. Аммо биз мезбонмиз ва қитъада ўз ўрнимизга эгамиз. Шунинг учун, шогирдларимиздан албатта юқори натижа кутяпман. Қолаверса, уларга ишонаман!
- Назаримда бу чемпионатда қизларимиз учун жиддий рақобатчи терма жамоалар маълум...?
- Ҳа, Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоаси асосий рақобатчиларимиз ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қозоғистон бу чемпионатда тўлиқ таркиб билан иштирок этмоқда.
- Балки сюрприз тақдим этувчи жамоалар ҳам бордир? Демоқчиман-ки, яна қайси терма жамоалардан хавф кутса бўлади?
- Хитой Тайпейи ва Қирғизистон. Уларда ҳам умидли ва маҳоратли қизлар бор.
- Умуман, қизлар Осиё чемпионатида нечта вазн тоифасида баҳс олиб боришади?
- Ўсмирлар 13 та, кичик ўсмирлар 15 та вазн тоифасида иштирок этишади.
- Аввалги Осиё чемпионатларидаги энг яхши натижаларимизни ҳам эслаб ўтсангиз?
- 2021 йил ёш қизларимиз Дубайда 5 та олтин медалга эга чиқишган. 2024 йилда ўсмирларимиз 7 та олтин медал билан яққол етакчи бўлишганди. Умуман, ҳар бир мусобақада фақат юқори ўринлар учун ҳаракат қиламиз.
- Чемпионатда иштирок этувчи таркибда ҳозирги кунга келиб, аёллар боксимиздаги етакчиларга услуб жиҳатидан ўхшайдиганлар борми?
- Навбахор, Нигинага ўхшайдигани йўқ. Фарангиз Усвалиевага кўпроқ Ситора Турдибековага ўхшатаман.
- Балки Феруза Қазакова, Нигина Ўктамова каби агрессив, раунддан раундга қўша оладиган, жангдан қайтмайдиган характерли қизлар бордир?
- Албатта, услуб деганингизга мен кўпроқ тактик ва техник жиҳатларига эътибор қаратяпман. Албатта, кўп бундай истеъдодларимиз бор. Улардан бири Рухшонобону Исоева десам бўлади. У Осиё чемпиони ва Осиё ўйинларида ғалаба қозона олган.
- Чемпионатда қайси вазн тоифаларида рақобат жиддий бўлади, деб ўйлайсиз?
- 46 кг, -50 кг, -54 кг, -66 кг, -80 кг.
- Чемпионатга ташриф буюрувчи иштирокчилар орасида энг машҳури ким деб ўйлайсиз?
- Менимча қозоғистонлик Аяулим Аспанова бўлса керак. У ҳам Рухшонобону каби қитъада анчагина ютуқларни қўлга киритган.
- Сизга ва сизнинг бошчилигингиздаги қизларимизга омад тилаб қоламиз!
- Рахмат, шу ўринда барча-барчани мусобақани томоша қилишга таклиф қилиб қолар эдим. Албатта, сизларни чиройли ютуқларимиз билан хурсанд қиламиз.