Бокс. Навбахор Ҳамидова икки карра чемпион
Бразилиянинг Фоз де Игуасу шаҳрида ташкил этилган World Boxing кубоги ўз якуннига етди. Терма жамоамиз 4 нафар иштирокчи билан қатнашиб, 2 та олтин ва битта бронза медалини қўлга киритди. Агар, Феруза Қазакова Макси Клотзер жангида рефери кутилмаган жойдан балл олиб ташламаганда эди, эҳтимол у ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторида ўрин олган бўлармиди? Шундай бўлса-да, ажойиб натижа тўғри эмасми?
Айниқса, -48 кгдаги вакиламиз Фарзона Фозилова чиройли жанглар кўрсатган ҳолда, фаолиятида янги саҳифа очди ва илк бор мана шундай улкан натижа қайд этди. Албатта, бу бошланиши ва ушбу муваффақият унинг навбатдаги катта турнирлардаги ғалабалари учун дебоча бўлади, десак янглишмаган бўламиз.
Жаҳонгир Зокировнинг салоҳияти ҳам чемпионликка лойиқ эди. Аслида, ярим финалда ҳам яхши ҳаракат қилганди. Аммо бу зафар қучиш учун етарли бўлмади ва ҳакамлар рақибни ғалабасини эътироф этишди. Ваҳоланки, 1-3 раундда Зокиров фаол ва аниқроқ кўринган эди. Шундай бўлса-да, у бир қатор муваффақиятлари қаторига мазкур мусобақанинг бронза медалини ҳам қўшиб қўйди. Албатта, унинг улкан ғалабалари ҳали олдинда!
Ва ниҳоят, -65 кгда вакиламиз Навбахор Ҳамидова мусобақанинг олтин медалини қўлга киритиб, World Boxing кубогида иккинчи бор тенгсиз эканлигини намойиш этди. У 2025 йилда Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ташкил этилган World Boxing кубогида ҳам шоҳсупанинг биринчи поғонасини забт этган ва финалда аёллар боксининг ҳақиқий юлдузларидан бири туркиялик Олимпиада чемпиони, 3 карра жаҳон чемпионати ғолибаси Бусеназ Сюрменелига имконият қолдирмаган эди.
Бу галги финал баҳсида ҳам унга жуда жиддий рақиб, 2 карра жаҳон чемпиони қозоғистонлик Аида Абикеева душ келди. Албатта ушбу қарама-қаршилик ўзига хос реванш жанги эди. Чунки Навбахор ўтган йили Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалида айнан ушбу рақибасига имкониятни бой бериб қўйганди. Бу сафар эса Навбахор Абикеева устидан ишончли ғалабани қўлга киритди ва мазкур мусобақанинг икки карра ғолибасига айланиш баробарида реванш олишни ҳам уддалади!
Албатта Элшод Расулов бошчилигида Бразилияда бўлиб турган жамоамизни ажойиб ғалабалар билан табриклаймиз. Нафақат уларни барча-барча ўзбекистонлик бокс ихлосмандларига медаллар муборак бўлсин, деб қоламиз!
Ҳа, гап сонда эмас, балки сифатда тўғрими дўстлар?